ФУҚАРОЛИК ПАСПОРТИ ТОПШИРИЛДИ
24 май куни 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида 16 ёшга тўлган туманимиз ёшларидан 72 нафарига Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти тантанали тарзда топширилди.
Тадбирда вилоят ИИБнинг хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Дилшод Қорабоев, вилоят ҳокимлигининг котибият мудири Умида Мамажонова, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Сатторов, туман ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи, майор Элёр Турдиевлар ёшларни ҳаётларидаги унутилмас кун билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирдилар.
Паспорт бериш жараёнида ёшларга ушбу ҳужжат билан боғлиқ кўплаб ҳуқуқлардан фойдаланиш баробарида уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, мамлакатимизда ўрнатилган паспорт қоидаларига қатъий риоя этиш зарурлиги ҳақида тушунчалар берилди.
Фуқаролик паспорти инсоннинг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлибгина қолмай, ғурур-ифтихор рамзи ҳамдир. Негаки, муайян давлатнинг фуқаролик паспортига эга бўлган одам ўша давлатнинг ҳимоясида бўлади. Жумладан, халқаро андозалар даражасидаги биометрик паспорт юртдошларимизнинг нафақат мамлакатимиз, балки унинг ташқарисида ҳам давлатимиз ҳимоясида бўлишини кафолатлайди.
Аброр САБАРАЛИЕВ.

