ХАЙР МАКТАБ, САЛОМ КОЛЛЕЖ!
Жорий йилда туманимиздаги мавжуд 44 та умумтаълим мактабини 2883 нафар йигит-қиз тамомламоқда. 25 май куни барча мактабларда 2016-2017 ўқув йили якунига бағишланган тантаналар «Хайр мактаб, салом коллеж!» шиори остида ўтди.
26-мактаб туманимиздаги намунали илм масканларидан ҳисобланади. Буни мазкур маскан ўтган ўқув йили якунига кўра туман мактаблари орасида рейтинг кўрсаткичи бўйича биринчи ўринни эгаллаганлигидан ҳам билса бўлади. Ҳар йили мактаб ўқувчилари «Билимлар беллашуви», фан олимпиадаси, турли спорт мусобақаларида туман, вилоят, республика миқёсида кўплаб ютуқларга эришмоқдалар. Жорий йилда ҳам бу ютуқлар мустаҳкамланди. Фан олимпиадасининг вилоят босқичида Раҳмиддин Азимов рус тили, Зарнигор Акрамова тарих фанларидан фахрли ўринларни эгаллашди. Ҳуқуқ фани ўқитувчиси Исроил Раҳматуллаев «Ҳуқуқ билимдонлари» кўрик-танловининг туман босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Жамолиддин Неъматуллаев, Нозимжон Мирзаабдуллаев, Муҳаммадрасул Муҳаммаджонов, Асадбек Маматалиевлар белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлдилар.
Мактабда бўлиб ўтган тантанада дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев барча устозларни, 121 нафар битирувчини байрам билан самимий табриклаб, ёшларга оқ йўл тилади. Шундан сўнг мактаб директори Каримжон Болтабоевга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи, эсдалик совғасини топширди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси вакили Абдуқаҳҳор Отахонов, туман халқ таълими МФМТТЭ бўлими мудири Ҳусниддин Маҳмудов, меҳнат фахрийси Турсунпўлат Мирзамаҳмудов, Навоий МФЙ раиси Дилбархон Умрзоқовалар ҳам эзгу тилаклар билдиришди, фидойи устозлар, иқтидорли ўқувчиларга фахрий ёрлиқ, диплом, эсдалик совғаларини тақдим қилдилар.
Туманимиздаги барча мактабларда байрам тадбирлари уюшқоқликда ўтди.
Эътибор ИСМОИЛОВА.
Суратларда: 26-мактабдаги тантанадан лавҳалар.

