СУВ ТАЪМИНОТИ ВА СУВНИ ЧИҚАРИБ ТАШЛАШ ТАРМОҚЛАРИГА УЛАНИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги 256-сонли қарорига мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун ўзлари шахсан Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали онлайн мурожаат қилишлари мумкин. Бунда уланиш учун Давлат хизматлари марказларига марказ ходими истеъмолчи номидан иловага мувофиқ давлат хизматларидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Зарур ҳолларда сўровномада уланиш назарда тутилаётган сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларини балансда сақловчиларнинг розилиги мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар электрон шаклда илова қилинади:

-объектнинг аҳоли яшаш жойи ҳудудига нисбатан жойлашиши акс эттирилган вазият режаси (тарҳдан кўчирма нусхаси);

-уланаётган объектнинг сувдан фойдаланиш турлари, шу жумладан, ўт ўчириш бўйича кўрсаткичлари акс эттирилган сув истеъмоли ва сувни чиқариб ташлаш ҳажми тўғрисидаги маълумот;

-бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкида бўлган сув қувурлари – канализация тармоқларига уланиш учун рухсатнома.

Истеъмолчилардан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Истеъмолчи зарур маълумотларни расмийлаштирганидан ва сўровномага киритганидан сўнг уни ўз электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан тасдиқлайди.

Давлат хизматлари маркази ходимлари ҳамда ЯИДХП истеъмолчиларни давлат хизматларидан фойдаланиш учун ЭРИ мажбурий тартибда бўлиши шарт эканлиги тўғрисида олдиндан хабардор қилади. Давлат хизматларини кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Истеъмолчи давлат хизматларидан фойдаланишдан у кўрсатилишининг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Бунда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни сув қувурлари ва канализация хўжалиги (СҚКХ) ташкилотига техник шартларни ишлаб чиқиш учун юборади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, сўровнома автоматик тарзда СҚКХ ташкилотига техник шартларни ишлаб чиқиш учун юборилади.

Дилноза ЗОКИРОВА,

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходими,

Нодирбек ИСОМИДДИНОВ,

туман Давлат хизматлари маркази директори.