ШАРОИТЛАР ТУБДАН ЯХШИЛАНДИ
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий зарарсизлантириш бўлими бир неча йиллардан бери таъмирга муҳтож бўлиб, эътибордан четда эди. Асосан туман марказий касалхонасида ички инфекциянинг олдини олиш ва мавжуд 21 та бўлимда фойдаланиладиган тиббий асбоб-анжомларни зарарсизлантиришда мазкур бўлимнинг фаолияти ғоятда муҳимлиги эътиборга олиниб, капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
-Бунинг учун бирлашма ички имкониятларидан самарали фойдаланиб, тиббиётни ривожлантириш жамғармасидан 84 миллион 700 минг сўм маблағ сарфланди, -дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Аброржон Саримсақов. -Бўлим хоналари талаб даражасида таъмирланиб, ишчи-ходимлар учун зарур шароитлар яратилди. Акфа эшикромлари ўрнатилди, пол қисми кафелланди. Бу тиббиёт ходимларининг халқимизга малакали хизмат кўрсатишларида муҳим омилдир.
Зарарсизлантириш бўлими катта ҳамшираси Марҳабо Аҳмаджонова бошчилигидаги тиббиёт ходимлари яратилган шароитдан мамнун бўлиб, куну тун фидойилик билан меҳнат қилишмоқда.
Муҳаммад АЛИ.

