НАМАНГАНДА БОБОРАҲИМ МАШРАБ ХИЁБОНИ

Вилоятимизда аҳоли ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш масалаларига мувофиқ ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар бир-бирини мазмунан тўлдириб бормоқда.

Анъанавий «Китобхонлик байрами» ҳафталиги доирасида ташкил қилинган тадбирлар таваллудининг 377 йиллигига бағишлаб Наманган шаҳри марказида янги барпо этилган Бобораҳим Машраб хиёбонининг тақдимоти билан бошланди. Оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилиб, атрофи замонавий шаҳарсозлик тамойилларига мувофиқ ободонлаштирилган сўлим хиёбон эрта тонгдан вилоят жамоатчилиги, турли вилоятлардан келган меҳмонлар, ижодкорлар билан гавжум бўлди.

Маросимни шоир Зиёвиддин Мансуров бошқариб борди. Унда сўзга чиққан бир қатор шоир ва ёзувчилар, ҳокимият вакиллари буюк мутафаккир Машраб ижоди билан боғлиқ қимматли маълумотлар билан ўртоқлашиб, мумтоз адабиётимизнинг буюк намояндаси жаҳон адабиётига қўшган улкан ҳиссаси хусусида тўхталдилар.

НамДУ биносида ҳафталик доирасида давом этган тадбирда «Янгроқ ғазал тилларда, Машраб мангу дилларда» деб номланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.