АЁЛ БАХТИ МЕҲНАТДА

Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган семинар Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг амалий ижросига бағишланди.

Деҳқон МФЙ мутахассиси Зулхумор Рашидова ташаббуси билан уюштирилган мазкур тадбирда маҳалланинг кайвони онахонлари, фаол аёллари, дастурхончилар, отинойилар, яраштириш комиссияси,  қайноналар кенгаши ҳамда «Ота-оналар университети» раиси ва аъзолари қатнашдилар. Маҳалланинг тадбиркор аёлларидан Муаззам Сафарова, Маҳмуда Азизова, Гулчеҳра Ҳусановалар ўз маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этишди. «Макс свик» МЧЖ раиси Ойбек Жўраев, «Рустам текстил инвест» раҳбари Акрамжон Бозорбоевлар хотин-қизларни иш билан таъминлашда ибратли ишларни амалга оширишмоқда. Айни вақтда улар мактаб ўқувчилари учун форма, эркаклар либосларини тикишни йўлга қўйишган.

Семинарда туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова сўзга чиқиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди. Айниқса, «Ҳар бир оила – тадбиркор» йўналишида 16 нафар хотин-қиз тикув машинаси билан таъминлангани, қорамолчилик йўлга қўйилгани, 53 нафари печь олиб, ҳудуддаги олтита савдо шохобчасини мунтазам маҳсулот билан таъминлаб келаётганини эътироф этди. Спортда юқори натижаларга эришган қизлардан бир гуруҳини тақдирлаб, уларга келгуси мусобақаларда омад тилади. Дўстлик маҳалласидан тадбиркор Моҳигул Исоқовани пойтахтимизда бўлиб ўтган «Анор» танловида биринчи ўринни қўлга киритгани билан табриклади.

Шу куни Қумтепа МФЙ мутахассиси Раънохон Асраеванинг иш юритиш ҳужжатлари намунали йўлга қўйилгани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, Баландариқ, Бўстон, Даҳиякота, Дўстлик, Юксалиш МФЙлари мутахассислари ҳам ҳудудларидаги тадбиркорлар билан бирга кўргазмалар ташкил қилиб, семинарнинг янада мазмунли ўтишига ҳисса қўшдилар.

Гулбаҳор МИРЗАРАҲИМОВА,

туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси.