ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

3-мактабгача таълим ташкилотида ташкил этилган семинар «Ёзги соғломлаштириш мавсумида болаларни тўғри овқатлантириш» мавзусида бўлди.

Эътироф этиш керакки, яқинда фойдаланишга топширилган мазкур муассаса ошхонасида барча шарт-шароитлар яратилиб, энг замонавий жиҳозлар ўрнатилган.

-Ёзги соғломлаштириш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш учун бир қатор режаларни белгилаб олганмиз, -дейди муассаса мудираси в.б. Нозима Мамажонова. -Бу борада бош ошпаз Нилуфар Камолова, ёрдамчи ошпазлар Нигора Камолова, Гулбаҳор Ғайбуллаевалар ибратли фаолият олиб бориб, кичкинтойлар учун витаминларга бой, мазали таомлар тайёрлашмоқда. Айниқса, парҳез таомлар, творогли булочка, пирог, салатлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратганмиз.

-Муассасамизда 100 нафар болажон, қисқа муддатли гуруҳда 25 нафар кичкинтой тарбияланади, -дейди хўжалик ишлари мудири Дилмурод Акрамов. -Таъминотда узилиш бўлмайди, энг сифатли маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Уни сақлаш ва ҳар бир болага меъёр талаби асосида берилиши доимий назоратга олинган.

Дарҳақиқат, ҳар куни эрталаб соат 9 да чой, сутли овқат, соат 11 да мева( шафтоли, тарвуз), соат 12.30  да тушлик (икки хил овқат ва салат), соат 15 да кечки чой ( сариёғ, пишлоқ, қуймоқ) бериш йўлга қўйилган. Сут ва сут маҳсулотлари, витаминли чой узилмайди.

Яқинда муассасада бўлиб ўтган семинарда тумандаги барча муассасалардан ошпазлар иштирок этиб, бу ерда тўпланган тажрибаларни ўрганишди, уларга таомлар ва пишириқларни тайёрлаш амалий тарзда кўрсатилди.