КАТТА САҲНАНИНГ КИЧИК ЮЛДУЗИ

Жуссаси кичкинагина йигитча саҳнага чиқди. Саҳнада ўзини тутиши, ширали овози, хатти-ҳаракати, қўшиқни юракдан, берилиб ижро этиши билан кўпчиликни ўзига мафтун қилиб қўйди. Француз  тилида шундай жўшиб куйлаяптики, ҳайратланмай иложинг йўқ.

Қўшиқни куйлаб бўлгач, ёнимга чорлаб, у ҳақда сўрадим.

-Маъруфжон Маҳаммадалиев бўламан, 36-мактабнинг 7-синфида ўқийман. Ҳозирда 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида эстрада хонандалиги йўналишида 4-синф ўқувчисиман. Устозим Гулноза Мадраҳимова. Улардан ҳинд, турк, инглиз ва рус тилларида ҳам қўшиқлар куйлаш сирларини ўрганиб боряпман, -деди суҳбатдошим.

-Ютуқларингиз ҳам борми?

-Ҳа, яқинда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан  ўтказилган болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг академик ва эстрада ижрочилиги республика танловида совриндорлар қаторидан жой олиб, III даражали диплом билан тақдирландим.

Ёш эстрада хонандаси Маъруфжонга юксак  парвозлар тилаймиз.

Муҳаммад АЛИ.