ИБРАТЛИ МАҲАЛЛА

Жиноят, ҳуқуқбузарлик. Бу сўзларни эшитган киши беихтиёр ҳушёр тортади ва ён-атрофга сергак боқади. Сабаби эса барчамизга маълум.

Аҳоли ўртасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар, тушунтириш ишлари ўз самарасини бермоқда. Буни Ёрқўрғон қишлоғидаги Боғ кўча маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ҳам кўриш мумкин.

Маҳаллада 750 та хонадон мавжуд. 934 та оилада 4356 киши истиқомат қилади. Ҳудудда 31-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси, «Тез ёрдам» шохобчаси ҳамда 40-МТМ фаолият олиб боради.

2016 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада бирорта жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланмади. Маҳаллага тажрибали, ички ишлар соҳасида ишлаб, нафақага чиққан Шуҳратжон Деҳқонбоев раислик қилади.

-Маҳалламизда 1368 нафар вояга етмаган ёш бор, улар асосан 13, 33, 38-мактабларда ўқишади. Ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларни спорт ва «Ораста қизлар» тўгаракларига жалб этганмиз. Айниқса, 13, 38-мактаблардаги «Ораста қизлар» тўгараги раҳбарлари Муқаддас Каримова ҳамда Дилфуза Мирзахалиловаларнинг фаолияти ибратли.

Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Нигора Маҳкамова 31-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси врачи Иқболхон Шерматова билан бирга аҳоли ўртасида тиббий маданият ва саводхонликни ошириш мақсадида тарғибот ишларини олиб бормоқда.

-Маҳалламизда 6 та кўча мавжуд. Ҳар бир кўчага кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга кўча боши сайланган. Уларнинг ёрдами ва маслаҳати билан жиноят ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйилмаяпти, -дейди «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари Муроджон Бекмирзаев. -Тўрт йилдан бери шу соҳада ишлайман. Ҳар куни тунги соат 22.00 дан бошлаб маҳалла ҳудудини назоратга оламиз. Бунда жамоатчи ёшлардан Акбаржон Каримов, Ҳусанжон Зокировларнинг ёрдамини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, фаолларимиздан Мастура Қўчқорова, Маҳаммаджон Ҳайдаровлар ҳам тинчлигимизни сақлашда, фуқаролар билан ишлашда доимий кўмакчи. Ишсизларни иш билан таъминлаш ҳам алоҳида эътиборимизда. Яқинда бизга иш сўраб мурожаат этган Акрамжон Жалоловнинг иш билан таъминланишига эришдик.

Дарҳақиқат, бу маҳаллада олиб борилаётган ишлар эътирофга лойиқ. МФЙ биносининг кўринарли жойига туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тақдим этилган бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумот қўйилган.

Боғ кўча МФЙнинг жонкуяр ходимлари ва фаолларини бундан кейин ҳам ҳозиргидай шижоат тарк этмасин. Юртимизда шундай маҳаллалар сони кўпайсин.

Аброр ТОШМАТОВ.