Қалбимдаги битиклар
Келди баҳор, илиди тупроқ,
Ер остидан чиқди ҳашарот, гиёҳ.
Чиқмади ер остидаги одамлар… Эвоҳ!
******
Ватанфурушлар билмайдилар
Ватан нелигин…
Митти қалдирғоччалик ҳам.
******
Муҳаббат йўлиқса, ҳушёр бўлгил, дил,
Синамай эшик очмагил, кўнгил!
Баъзан вафо тўнин кияр хиёнат…
******
Қад кўтарди ўртамизда бир девор –
Ким, ҳар ғишти димоғдор.
Лойи эса вафосизлик тупроғидан.
******
Севасану севгинг этмайсан ошкор,
Айлайсан битта сўзнинг интиқу зори.
…Бунча баланд бўлмаса, ғуруринг девори.
******
Кўзинг қаросида асра ҳаётда
Сен билан овунган яқин инсонни.
Қалби паноҳ бўлар сенинг қалбингга.
Ўринбой МЎМИНОВ.

