ШЕЪРХОНЛИК ТАНЛОВИ

Бирлашган маданият марказида аҳолининг барча қатламларини «Шеъриятга ошно бўлган асло кам бўлмайди» шиори остида китобхонликка даъват этиш, шеъриятга ихлосини орттириш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда ФЎЎБОФМ бўйича Республика  кенгашининг қўшма қарорига асосан маҳалла раислари ўртасида шеърхонлик танлови мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Танловда 56 та МФЙдан саралаб олинган Истиқлол (С.Жўраев), Қаҳрамон (К.Юнусова), Янгичек (З.Ҳожиева), Бояғон (Ф.Йўлдошева), Деҳқонобод (А.Шерматов) ва Ғайрат (З.Ҳусанова) маҳаллалари раислари иштирок этдилар.

3 та шарт асосида кечган беллашувда иштирокчилар ўзбек адабиёти намояндалари ҳаёти ва ижоди ҳақидаги билимлари, ифодали ўқиш бўйича маҳоратлари, саҳна кўринишлари орқали эса маҳаллалардаги айрим салбий ҳолатларни акс эттирувчи лавҳаларни намойиш қилдилар.

Тадбир якунида танлов ғолиблари аниқланди. Қаҳрамон МФЙ раиси Каримахон Юнусова фахрли биринчи ўринни ва танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ғайрат МФЙ раиси Зулхумор Ҳусановага, учинчи ўрин Истиқлол МФЙ раиси Сайфиддин Жўраев ҳамда Деҳқонобод МФЙ раиси Абдулло Шерматовга  насиб этди.

Ғолиб ва иштирокчиларни туман ҳокимининг ўринбосари А.Абдураҳмонов, «Маҳалла» ХЖФ вилоят бўлими бошқаруви раисининг ўринбосари А.Мукаррамов, ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Жўраевлар табриклаб, уларга ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширдилар.

Бирлашган маданият марказининг «Бирлашган наволари» ансамбли маданий хизмат кўрсатди. 7-мактабнинг шеъриятга ошно ўқувчилари ўзлари ёзган шеърлардан ўқиб, иштирокчиларни хушнуд этдилар.

Замира МАМАТКАРИМОВА,

ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгаши бош мутахассиси.