ҚАСДДАН БЎЙИН ТОВЛАГАЧ…
Айрим одамларга ҳайрон қоласан, киши. Ё ўзи билиб тўғри йўлдан юрмайди, тўғри йўлга солмоқчи бўлсанг, кўнмайди.
«Қаҳрамон»имиз К.Э. ана шундайлардан бири. Вояга етиб-етмай, жиноят кўчасига кирган. 2002, 2004, 2014 йилларда бир неча бор жиноят содир этиб, тегишли жазоларни олган. Ҳар гал унинг тузалиши, яхшилар қаторига қўшилиши учун имкон қадар енгилликлар берилди, аммо хулоса қилмади. Ёлчитиб бирор жойда ишламади, оиласини ҳам барбод қилди.
К.Э.га охирги марта 2018 йил май ойида туман ИИБда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ тартиб-қоидалари тушунтирилган, фермер хўжалигига ишга жойлаштирилган. Шу йил январь ойида ишга жойлаштириш учун туман бандликка кўмаклашиш марказига йўлланма берилган, аммо у марказга келмаган. Огоҳлантиришларга қарамай, тилхат ёзиб бергани ҳолда туман ИИБга вақтида келиб учрамаган.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, жиноят ишлари бўйича туман суди жазони ўташдан бўйин товлаганлиги учун К.Э.га ахлоқ тузатиш ишлари жазосини озодликни чеклаш жазосига алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарди.
Ёқубжон ҲАБИБУЛЛАЕВ,
туман ИИБ пробация гуруҳи катта инспектори, майор.

