«ТОШЛОҚ»ДАГИ ИБРАТЛИ ИШЛАР ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР

Собиқ Ёрқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғини тугатилгач, йиғин биноси ҳувиллаб, бу ерда биргина Тошлоқ МФЙ фаолият кўрсатиб турган эди. Бино таъмирталаб, анчагина қаровсиз ҳолга келиб қолганди. «Сардор қурилиш савдо сервис» хусусий корхонаси раҳбари Усубжон Тожибоев ташаббус билан чиқиб, бинонинг фойдаланилмай турган бўш хоналарида ўқув маркази, тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш таклифини билдирди. Бу мутасаддиларга ҳам маъқул келди. Икки қаватли бино тўлиқ таъмирдан чиқарилди, хоналарда замонавий шарт-шароитлар яратилди. Тошлоқ МФЙ раиси, мутахассиси, масъул котиби, профилактика инспектори ёрдамчиси хоналари ҳам ёруғ ва шинам ҳолатга келтирилди.

Биринчи қаватда «Олтин давр» ўқув маркази иш бошлади. Бу ерда маҳаллий ёшларга инглиз, рус тиллари, физика, математика, кимё, биология, она тили ва адабиёти фанларидан чуқурлаштирилган ҳолда сабоқ берилмоқда. Иккинчи қаватдаги тикувчилик цехига 12 та «JACК» русумли тикув машинаси ўрнатилди ва шунча хотин-қиз учун доимий иш ўрни яратилди. Ҳозирда буюртма асосида болалар учун оқ кўйлак тайёрланмоқда.

-Маҳсулотимизни асосан ички бозорга чиқаряпмиз, -дейди тадбиркор Усубжон Тожибоев. -Буюртма бўлса, костюм-шим, куртка тайёрлаш имконимиз ҳам бор.

Тадбиркор – элга мададкор, дейишганича бор экан. Усубжон Тожибоевнинг хайрли ва эзгу ишлари бутун маҳалла аҳлини қувонтирмоқда. Маҳалласи учун шундай ёниб яшайдиган ишбилармонлар сафи кенгаяверсин.