ЯНГИЛИККА ИНТИЛИБ…

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 28 йиллик байрами тобора яқинлашмоқда. Қутлуғ айёмга тайёргарлик ишлари авжида. Ёрқўрғон қишлоғидаги Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида салкам беш минг аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2545 нафарини хотин-қиз, 1810 нафарини вояга етмаганлар ташкил қилади.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маъруфжон Собиддинов янгиликка интилувчан раислардан. У аввал мазкур маҳаллада посбон бўлиб фаолият кўрсатган. Жорий йил бўлиб ўтган сайловда маҳалла аҳли унга юксак ишонч билдирди. Энг кўп овоз билан маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Бугун у маҳаллада олиб борилаётган кўп ибратли ишларнинг ташаббускори. Маҳалла мутахассиси Донохон Отабоева ҳамда Тошпўлат Бойдедаев, Олимжон Муродов, Бекмирза Боймирзаев, Дадахон Халилов, Дилфуза Мирзахалилова, Раҳимахон Маматхонова, Оминахон Зиётова каби фаоллар кўмагида хотин-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилиши учун имтиёзли кредитлар олиниши, оилаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Туман ИИБнинг профилактика инспектори Фаридин Бозоров ҳам соҳада етарли тажрибага эга. У аввал Чуст туманида фаолият кўрсатган. «Тошлоқ»да иш бошлаганига салкам тўққиз ой тўляпти.

-Ўтган даврда ҳудудда жиноят содир бўлмади, -дейди Фаридин Бозоров. -Бу бизнинг энг катта ютуғимиз, деб биламан. Яқинда профилактика инспектори ёрдамчиси вазифасида иш бошлаган Дониёр Абдуғаппоров ҳамда Умиджон Набижонов, Азизбек Дадахонов, Нодирбек Юлчибоев каби фаол ёшларимиз бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз. Қолаверса, тарғибот, ташвиқот ишлари ҳам эътиборимиздан четда қолмаяпти. Гиёҳвандлик, турли диний экстремистик оқимларнинг зарарли таъсири, одам савдоси ва унга қарши курашиш, маънавият ва маърифат мавзуларида суҳбатлар уюштириб боряпмиз. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижросини таъминлаш бўйича 38-мактабда бир қатор тўгараклар фаолият кўрсатаётгани ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

«Тошлоқ»да намунали хонадонлар кўп. Улардан бири Жамолиддин Топилдиев хонадони. Жамолиддин ака умр йўлдоши Ўғилхон опа билан уч нафар фарзандни вояга етказди. Шокиржон, Нодирбек, Муножатхонлар бугун эл хизматида. Келинлари Ҳикматой, Дилноза ҳамшира. Бу оилага кўпчилик ҳавас қилганича бор экан. Жамолиддин ака қурган уйлар бежирим ва чиройли, ошхона, ёзги ошхона, ҳаммом дейсизми, ҳаммаси тартибли қурилган. Анвойи гуллар, райҳонлар исидан дилингиз яйрайди. Жамолиддин ака маҳалланинг катта-кичик тадбирида доим бош-қош, қўлидан келганича саховатини аямайди.

Хуллас, Тошлоқ маҳалласининг бугунги кунда олиб бораётган ибратли фаолияти эътироф этишга, ўрганишга арзийди. Буни яқинда туманда фаолият олиб бораётган барча маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул котиблари иштирокидаги «Фуқаролар йиғини ҳузуридаги асосий йўналишлар бўйича комиссияларнинг норматив ва меъёрий ҳужжатлари ҳамда уларнинг иш фаолияти» мавзусида ўтказилган туман семинарида ҳам қайд этилди. Семинарда иштирок этган туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова, ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғанишер Жўраевлар маҳаллада олиб борилаётган эзгу ишлар бошқа ҳудудларда ҳам анъана тусига киришини алоҳида таъкидладилар.

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,

Умиджон СУЛТОНОВ.