МЕҲНАТГА ЯРАША МУНОСИБ РАҒБАТ

Ерга уруғ қадаб, экин парваришлаш – машаққатли иш. Деҳқон ерни тайёрлашдан тортиб, ҳосилни йиғиб олгунига қадар тиним билмайди, кечани кеча, кундузни кундуз демай, меҳнат қилади. Аммо мавсум давомида қилган иши бўй кўрсатиб, кутилган ҳосил олинган куни барча чарчоқлар унутилади. Машаққатли ва заҳматли меҳнат эвазига яратилган улкан хирмон нафақат деҳқонга, балки ризқи бут, дастурхони тўкин бўлишини ният қилган барча одамларга завқ-шавқ, олам-олам қувонч бахш этади.

Шу маънода айтганда, туманимиз деҳқонларининг жорий йилда давлатга ғалла сотиш бўйича шартнома режасини ошиғи билан бажарганлиги муносабати билан «Ором» тантаналар мажмуасида ташкил этилган ҳосил тўйи ҳам туман меҳнаткашларининг ҳақиқий байрамига, катта-кичикнинг бирдек шодиёнасига айланди.

-Жорий йил деҳқонларимиз учун самарали келмоқда, -дейди туман ҳокимининг ўринбосари Бекзод Мақсудов. -Йил бошиданоқ пиллакорларимиз 2600 қути ипак қуртидан мўл ҳосил етиштирдилар. 6345 гектар майдондаги ғалладан 22015 тонна ўрнига 25060 тонна ғалла топширилиб, шартномавий режа ортиғи билан бажарилди.

Тадбирда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаевлар сўзга чиқиб, соҳада фидойилик билан меҳнат қилган фермер хўжалиги, отряд ва ММТП раҳбарларига қимматбаҳо совғалар топширишди.

Байрамда хушовоз хонанда Яҳёбек Мўминов ҳамда туман маданият бўлими қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли санъаткорлари Комилжон Неъматов, Авазбек Насриддинов, Мавжуда Ҳамроевалар ижросидаги дилтортар қўшиқлар барчани рақсга чорлади.