ХАВФЛИ ВА ЗАРАРЛИ

Ҳозирги вақтда одам савдоси ўта хавфли тус олган бўлиб, турли жиноятларнинг содир этилишига замин ҳозирлайди. Одам савдосининг жиноий бозори гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғ савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллаётгани унинг нечоғлик хавфли иллат эканлигидан далолатдир.

Шу боис одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг тегишли тарғибот лойиҳаси доирасида профилактик чора-тадбирлар ўтказиб борилмоқда.

Хусусан, 30 июль – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан «Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни» деб белгиланганлиги боис республикамиз ҳукумати томонидан одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатини аҳолига, айниқса, ёшларга тушунтириш ва одам савдоси жиноятининг жабрланувчиларига айланиб қолишларининг олдини олиш мақсадида Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида «Одам савдоси – давр муаммоси» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг маслаҳатчилари, ички ишлар бўлими ходимлари, одам савдосига қарши курашиш бўйича туман идоралараро комиссияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинар давомида одам савдоси муаммосининг долзарблиги, давлатимиз томонидан ушбу жиноятга қарши курашиш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунида алоҳида белгиланган одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганлар назоратсизлигининг ҳамда улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Интерфаол усулда ўтказилган тадбир давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик масалалари, ушбу жиноятларни аниқлаш ва фош этишда тезкор-қидирув тадбирларнинг ўрни, мазкур жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос жиҳатлари, вояга етмаган жабрланувчиларнинг психологик ва ҳуқуқий ҳолатини аниқлаш усуллари, жабрланувчиларга кўмаклашиш каби масалалар юзасидан қизғин баҳс-мунозара бўлди.

Тадбирда туман адлия бўлими ходими Баҳодир Қодиров, туман ИИБ ТЭҚКБ ходими Нуриддин Юсуповлар иштирок этишди. Якунда ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, одам савдосига қарши янада самарали курашиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбир доирасида одам савдосидан жабрланган шахсларга «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилиб, улардан 10 нафари иш билан таъминланди.

Ёдгор ЎРОЛОВ,

туман ИИБ ТЭҚК бўлими бошлиғи, капитан.