ҲАР БИР КУН ЗАВҚЛИ

Бизнинг мактабгача таълим ташкилотимизда 140 нафар кичкинтой тарбияланади. Шу кунларда давом этаётган ёзги соғломлаштириш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида турли тадбирлар, кечалар уюштиряпмиз. Бу борада Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус қўл келяпти. Душанба нафис санъат, сешанба спорт, чоршанба компьютер саводхонлиги, пайшанба китобхонлик, жума миллий қадрият, урф-одат, шанба кўнгилочар кун, деб белгиланган бўлиб, бу кунларда болажонлар учун қизиқарли тадбирлар ўтказиляпти, жажжилар аппликация тайёрлаш сирларини ўрганишяпти. Мусиқа уларнинг санъатга бўлган қизиқишларини оширишда муҳим роль ўйнаса, спорт мусобақалари жисмонан чиниқишларига ёрдам беряпти.

Соғломлаштириш мавсумидаги яна бир муҳим тадбир – кичкинтойларнинг соғлом овқатланишларига эътибор қаратиш. Ҳар куни болажонлар учун зарур бўлган витаминга бой таомлар тайёрланади. Бундан ташқари, ёзнинг иссиқ кунларида муассасамиз бассейнида жажжилар мазза қилиб чўмилишади. Айниқса, яқинда бўлиб ўтган «Нептун» байрами болажонларга бир олам завқ-шавқ улашди. Матлуба Отахонова, Гулбаҳор Тўрахонова, Мафтуна Абдунабиева, Хуршида Ҳасанова каби тарбиячилар бор билим ва маҳоратларини ишга солиб, меҳнат қилишмоқда. Хуллас, ёзги соғломлаштириш мавсумининг ҳар бир куни тарбияланувчиларимизнинг ёдида қолмоқда.

Нигора ҲОЖИЕВА,

Муҳаббат МЎЙДИНОВА,

30-МТМ тарбиячилари.