МУАММОЛАР ЕЧИМИ ТОПИЛМОҚДА

Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим ўринга эга бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш мақсадида охирги 2,5 йил мобайнида 50 дан ортиқ Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб давлат хизматларини кўрсатиш тартиблари янада соддалаштирилди, ушбу хизматларни «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатадиган Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди.

Давлат ва тадбиркорлар ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг «дардини эшитиб», муаммоларини кундалик ҳал қилиш бўйича янги тизим яратилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий қилинди ва унинг жойлардаги бўлинмалари ташкил этилди.

Барча ҳудудларда тадбиркорларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммолар тўғрисида мурожаатларини қабул қилиб, уларни ҳал этишга кўмаклашадиган Бош вазир қабулхоналари фаолиятини бошлади.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5718-сонли Фармони ҳамда Юртбошимизнинг 2019 йил 23 июль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 2019 йил 2 августда «Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ишлашнинг янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 354-Ф-сонли фармойиши қабул қилинди. Шу асосда туман ҳокимининг ҳам фармойиши қабул қилиниб, туманда тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш, тадбиркорлар мурожаатини кўриб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича туман ишчи гуруҳи таркиби тузилди.

Туман сектор раҳбарлари иштирокида тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш, тадбиркорлар мурожаатини кўриб чиқиш ҳамда ижросини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳлари таркиби, ишчи гуруҳларининг вазифалари, туман сектор раҳбарларининг тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича туман ҳудудида ўтказиладиган учрашувлар графиги тасдиқланди. Август ойи давомида ўтказилаётган мазкур тарғибот йиғилишларида тумандаги тижорат банкларининг раҳбарлари ҳам иштирок этиб, ҳар бир ҳудуддаги тадбиркор ва ҳунармандларнинг муаммоларини ўз ўрнида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

М.АПАҚОВ,

Уйчи тумани ҳокими, туман Кенгаши депутати