МЕҲР УЛАШИБ…
Туманимиз мактабларида якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар сони бугунги кунда 70 нафарни ташкил этади. Улар ҳам тенгдошлари қатори ёруғ ва шинам мактабларда ўқиш, спорт машғулотларида қатнашишлари мумкин эди. Аммо…
Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, руҳан ва маънан кўмак беришга мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилган. Якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларнинг хонадонларига зарур ўқув жиҳозлари мактаб томонидан келтирилган, устоз-мураббийлар, психолог, кутубхоначи, ёшлар етакчиси бириктирилган. Улар белгиланган кунларда ўқув машғулотларини олиб боришади.
-Билим масканимизда беш нафар якка тартибда таълим оладиган ўқувчи бор, -дейди 22-мактаб директори Маъмура Сиддиқова. -Бу ўқувчиларнинг хонадонларига ўзим ҳам тез-тез ташриф буюриб тураман. Ҳар бир байрам, туғилган кунларида йўқловлар уюштирамиз. Уларнинг ўксик кўнгиллари оз бўлса-да қувончга тўлишидан мамнун бўламиз.
Мустақиллик байрами арафасида 22-мактабнинг якка тартибда таълим олаётган 6-синф ўқувчиси Шаҳноза Мирзараҳматова хонадонига туман ҳокими М.Апақов, туман прокурори У.Номонов, туман ИИБ бошлиғи Ғ.Ғаниев, туман ДСИ бошлиғи А.Маҳмудовлар ташриф буюришди. Улар Шаҳноза билан суҳбатлашиб, унинг қизиқишлари ҳақида сўрашди. Шаҳноза бўш вақтида бадиий тўқиш билан шуғулланиб, тенгдошларига тўқиш сирларини ўргатаётганини айтди. Инглиз тилида ёддан шеър ўқиб берди. Сектор раҳбарлари Шаҳноза хонадонидаги шароитларни яхшилаш бўйича ёрдам берадиган бўлишди. Шу куни 5-мактабнинг иқтидорли ўқитувчилари томонидан саҳналаштирилган «Зумрад ва Қиммат» эртаги асосида кўчма театр ушбу хонадонга йиғилган болажонлар учун томоша кўрсатди. 22-мактаб томонидан беш ташаббус ижроси бўйича кўргазмалар ташкил қилинди. Кейинги худди шундай ташриф 10-мактаб ўқувчиси Ҳусанбой Рустамжонов хонадонига бўлди. Туман ХТБ мудири Ш.Муродов, вилоят, туман прокуратураси вакиллари Ҳусанбойга ноутбук совға қилишди.
7-, 11-мактабларнинг якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларига ҳам шу куни севинч улашилди.

