МАЪНАВИЙ САФАРБАРЛИККА БОҒЛИҚ

Коррупцияга оид мақолаларни жуда кўп бора ўқиб, таҳлил қилганман. Аксарият манбалар бир-бирига яқин, ўхшаш. Коррупция атамаси қаердан пайдо бўлган, қайси тилдан олинган, нима маънони англатади, қайси давлатларда унга қарши кураш намунали йўлга қўйилган каби умумий маълумотлар.

Оддий фуқаролар билан мана шу мавзуда гап очилса: «Бизда коррупцияни тугатиб бўлмайди», -каби қисқа, лўнда, писсимистик руҳдаги жавоб тез-тез қулоғингизга чалинади. Аслида бундай кишиларга мана шу руҳият бир неча ўн йиллар давомида сингиб боргани, бунда бошқарув вазифаларини эгаллаб турганларнинг қайсидир маънода улуши борлигини эътиборга оладиган бўлсак, оғриқли нуқтани топгандай бўламиз.

Аслида коррупция элементларини инсон ўзи ўйлаб топган. Қайсидир маънода яшаб қолиши, ҳаёт тарзи учун зарур бўлган. Масалан, бир қудратли давлат пинжида яшаган ўзга эл-юрт вакиллари катта ўлпон тўлаш эвазига ҳудуди ва фуқароси дахлсизлигини сақлаган ёки ўзга давлат ҳамласидан шу қудратли мамлакат пинжида паноҳ топган. Ёхуд савдогарлар ўз молини хоҳ чўл-биёбонда бўлсин, хоҳ денгизу уммонда бўлсин қароқчилар таламаслиги учун кимгадир бож тўлаган.

Замонавий тузумда бундай кўринишларга барҳам берилган бўлса-да, коррупция жамиятга дадил суқилиб кириб, астойдил ўрнашиб олган. Бунга бефарқ жамиятда у илдиз отиб, янги-янги кўринишларда бўй-бастини намоён қилмоқда. Уни йўқотиш, жилла қурса, камайтириш эса жамият, фуқаронинг қўлида. Бунинг учун эса халқни бу йўлга маънан сафарбар этиш даркор. Бунинг учун эса коррупциясиз жамият қандай бўлишини кишилар тасаввурида шакллантириш, айниқса, ёшларни бунга сафарбар этиш жоиз. Шундагина олдимизга қўйган яна бир эзгу мақсад рўёби йўлида дадил қадам ташлаган бўламиз.

Тоҳиржон ҲАКИМОВ,

ДХА вилоят бошқармаси кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси.