ОРЗУЛАР РЎЁБИ

36-мактаб Уйчи шаҳарчасининг қоқ марказида жойлашганлигига қарамай, муассаса моддий-техника базаси бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермасди. «Обод марказ» дастури доирасида мактабнинг мукаммал таъмирланиши педагогик жамоа, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари дилларида чўкиб ётган орзулар рўёби бўлди.

Бугун масканга ташриф буюрган киши унинг ташқи ва ички қиёфаси буткул ўзгарганига гувоҳ бўлади. «Диамонд мега буилдинг» МЧЖнинг қўли гул усталари томонидан барча бинолар, спортзали замонавий фусункорлик касб этди. Эшик ва ромлар янги русумдаги акфа-МДФлиларига алмаштирилди, полнинг деярли 80 фоизи таъмирланди, ҳудуд деворлари қайта қурилди, янги ҳожатхона барпо этилди, душхона ва канализациядаги сантехника ишлари ниҳояланмоқда.

-Ажратилган 2 миллиард қирқ тўққиз миллион 924 минг сўм маблағ эвазига маскан тўлиқ таъмирланди, янгича қиёфага эга бўлди, -дейди жамият раҳбари Маъруфжон Асқаров. -Ҳозирда лойиҳадаги ишларнинг асосий қисми якунланди. Янги ўқув йилига ишлар тўлиқ якунланиб, маскан тўлақонли фаолият юритишга имкон яратилади.

Қурилиш-таъмирлаш билан бир қаторда ҳудудни ободонлаштириш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Асфальтлаш ишлари якунланди.

Ушбу бунёдкорлик ишларини ташкил этишдаги алоҳида меҳнатлари билан ўрнак кўрсатаётган Нусратилла Адашалиев, Ойбек Нормирзаев, Ғуломжон Аҳмедовларнинг сидқидил меҳнатлари алоҳида эътиборга молик.

Абдулҳаким НИШОНОВ.