«ДЕҲҚОНОБОД»ДАГИ БУНЁДКОРЛИКЛАР

Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 28 йиллик тўйи тобора яқинлашмоқда. Бугун қай гўшага борманг, улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, кўзингиз қувнайди, дилингиз яйрайди.

2-Зиёкор сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Олимжон Мавлонов ёш, изланувчан, элим деб, юртим деб, ёниб яшайдиган кадрлардан. Унга қай вазифа топширилмасин, бошлаган ишини охирига етказмай қўймайди. Ўзи ҳам тинмайди, бошқаларни ҳам тиндирмайди. Ёш депутат сайлов округи ҳудудида кўп ибратли ишларни амалга оширди. 4-, 9-мактаблар, 38-МТТга ичимлик суви тармоғи янгитдан тортилиши, ҳудудда кўприк қурилиши, энг серқатнов автомагистраль йўл ҳисобланган чорраҳада замонавий светофор ўрнатилиши, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалардан хабар олиниши, узоқ вақт бемор ётганлар имтиёзли ордер билан таъминланишида депутатнинг муносиб ҳиссаси бор.

Туман ҳокими Олимжон Мавлоновга юксак ишонч билдириб, уни туманнинг чекка ҳудудида жойлашган Деҳқонобод маҳалла фуқаролар йиғинига «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга ошириладиган ишларга бош қилиб жўнатди. Бу ерда унга маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдулло Шерматов, туманнинг фаол нуронийларидан Акмалжон Мажитовлар бошланган хайрли ишларда энг яқин кўмакдош бўлишмоқда.

-Маҳалламизда 602 та хўжалик бўлиб, 3300 киши истиқомат қилади, -дейди МФЙ раиси Абдулло Шерматов. -Ўзим маҳаллада иш бошлаганимга ҳали унчалик кўп вақт бўлгани йўқ эди. Маҳалладошларим катта ишонч билдириб, сайлашди. Илк кунлардан бор куч-ғайратимни сарфлаб, ишга киришдим. «Обод қишлоқ» дастури бўйича бошланган ишлар кўлами кенг. Очиғи, яқин йиллар ичида бизнинг маҳалламизда ҳам шундай ўзгаришлар бўлишини кутмагандик. Тезкорлик билан ижтимоий объектлар таъмирдан чиқарилиши, янги бинолар қурилиши, йўллар равон ҳолатга келтирилиши, сув, электр тармоқлари тортилишини кутмагандик. Ҳеч қанча вақт ўтмай, улкан бунёдкорлик ишлари маҳалламизда бошланиб кетди. Қалбларимизда эртанги кунга ишонч, умид туйғулари уйғонди.

«Деҳқонобод»да олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида маҳаллага йўл олдик. Бирлашганнинг тўрт кўчасидан бошланадиган маҳалладаги ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Хонадонлар, савдо шохобчалари олди тартибга келтирилган, бинолар, ҳовли-ларнинг ташқи деворлари таъмирдан чиққан. Кўп қаватли уйлар бошланадиган жойда штаб ташкил қилинган. Бу ерда депутат Олимжон Мавлонов бошчилигидаги штаб аъзолари ҳар куни эрталаб тўпланиб, кунлик қилинадиган ишларни режалаштириб олишар экан.

-Маҳалладаги ҳар бир хонадон эътиборимиздан четда қолмаяпти, -дейди Олимжон. -Ҳовлига кириб, хонадондаги муҳит, шарт-шароит, оила аъзолари нима билан банд, уларнинг қандай муаммолари бор, ҳамма-ҳаммасини эринмай ўрганиб чиқамиз. Зарур бўлса, ёрдам берамиз. Туман даражасида ечиладиган муаммоларни ҳал этамиз. Шунданми, бу ерда яшовчи аҳолидан туман ҳокими бошчилигидаги 1-секторга, туман ҳокимлиги ва юқори идораларга мурожаат деярли кузатилмайди.

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, дейишади. Юринг, объектларга чиқиб, қилинган ишларни ўз кўзингиз билан кўринг, -деган таклиф тушди штаб аъзоларидан. Дастлабки ташрифимиз 32-мактабга бўлди. Пастқам, кўримсизгина бўлган мактаб бугун тамомила ўзгариб кетган. Қўшимча янги бинолар қад ростлаган. Илҳомжон Сулаймонов раҳбарлигидаги 10-ХМКК МЧЖ қурувчилари бу ерда 2 млрд. 220 миллион 668 минг сўмлик капитал таъмирлаш ишларини амалга оширишди. Қўшимча 120 ўринли бино, кўмирхона, қозонхона, ҳожатхона қурилди. Ўқув хоналари энг замонавий кўринишга келтирилди. Мактабнинг шундоққина ёнгинасида мактабгача таълим ташкилоти ҳам бунёд этилибди. «Янтар қурилиш монтаж» МЧЖнинг Мажидхон Мамадалиев раҳбарлигидаги қўли гул бунёдкорлари 2 млрд. 658 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига 100 ўринли муассаса биносини фойдаланишга топшириш арафасидалар. Тўлиқ янгитдан барпо бўлган бино, гуруҳ хоналарини кўриб, ҳавас қиласиз: ёруғ ва шинам хоналар дид билан безатилмоқда. Бассейн, қўшимча бинолар ҳам кўнгилдагидек.

Бинолар билан танишиб, энди йўлга чиқмоқчи бўлиб турганимизда, икки фахрий биз томонга кела бошлади.

-Булар бизнинг энг яқин ёрдамчиларимиз – Йўлдошбой Парпиев, Турғунпўлат Умрзоқовлар, -дея таништирди  Акмалжон Мажитов. -Улар ҳар куни уйма-уй юриб, тарғибот ишларини олиб боришда кўмаклашишяпти.

-Дарвоқе, бу фахрийларимиз «Деҳқонобод» қабристонини ободонлаштириш, унинг ҳудудидаги 125 метр жойни тўла қўрғон қилиб олинишида жудаям фаоллик кўрсатишяпти, -дея суҳбатга қўшилди МФЙ раиси Абдулло Шерматов. -Саховатпеша инсонларнинг ҳомийлик ёрдами, шу билан бирга, Олимжон Мавлоновнинг саъй-ҳаракати билан қабристонда иш бошланди. Бу ерда бошланган ишларни Мустақиллик байрамига қадар тугаллашни режалаштирганмиз.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида Деҳқонободда 3 километрдан ортиқ янги ичимлик суви тармоғи, 1,5 километр масофада ёритиш тармоғи тортилгани, 9 та кўча тўлиқ шағаллангани, тўрт қаватли, 24 хонадондан иборат янги тураржой биноси қад ростлаётгани, албатта, қувонарлирдир.

-Туманимиз ҳокими бошчиликларидаги 1-секторда яна бир хайрли ишни амалга оширдик, -дейди Олимжон Мавлонов. -Ровот шаҳарчасидаги оталар чойхонаси бир неча йилдан бери фаолият юритмай, ҳувиллаб қолган эди. Табаррук етмиш бир ёшни қаршилаган Ўринбой ота Усубжонов музқаймоқ павильонини ишга тушириш таклифи билан чиқдилар. Бу бизга ҳам маъқул келди. Чойхона биноси, унинг девор қисмида чизилган оталар чойхонасининг қурилишига сабабчи бўлган Усубжон Холмирзаевнинг тарихий суратлари сақлаб қолинди. Энди бу ерда болалар майдончаси ташкил қилишни режалаштиряпмиз.