КЎРКАМ ВА ФАЙЗЛИ ГЎШАЛАР

-«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Обод марказ» дастурлари. Кейинги вақтда тез-тез қулоғимизга чалинаётган бу сўзлар бугун оддий ҳолдек туйилаётган бўлса-да, аслида кўп йиллик ушалмаётган орзуларимиз эди, десак тўғри бўларди, -деди туман ҳокимлигида бўлиб ўтган катта бир йиғилишда Республика «Нуроний» жағармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев. -Қани, айтингчи, Уйчида қачон бугунгидек қурилишлар бўлган, туман марказида йўлларни кенгайтириш у ёқда турсин, тузукроқ битта катта бино қурилмаган. Йўллар тирбанд, ободонлаштириш ишларимиз ҳам кўзга кўринмайдиган даражага келиб қолганди. Бугун кўриб кўзинг қувнайди: кенг ва равон йўллар, яшил майдонлар, пастқам бинолар ўрнида замонавий иншоотлар, савдо шохобчалари, янги тураржой бинолари қад ростлаяпти, тунги ёритиш чироқлари энг замонавийсига алмаштириляпти. «Деҳқон бозори» ҳудуди кенгайтирилиб, сотувчи-ю харидорга муносиб шароитлар қилинмоқда. Ҳар қадамда бунёдкорлик, яратувчилик. Бунга ҳар қанча шукроналар айтсак, арзийди».

Туман марказидан «Мустақиллик боғи» томон юра бошлаймиз. Йўлнинг икки тарафи асфальтланиб, янгитдан лоток ариқлар қўйилди, йўл бўйларидаги эски биноларнинг бирортаси қолмаган. Ҳаммаси икки-уч қаватли, замонавий кўринишга келмоқда. Бир томонда собиқ автовокзал биноси атрофида қурилиш ишлари жадал, яна бир тарафда 40-мактабнинг янги ўқув биноси бўй кўрсатган. «Мустақиллик боғи» рўпарасидаги кўримсиз бинолар ўрнида янги маиший, савдо шохобчалари, қурилиш дўконлари қад ростламоқда.

Пастгузар ва Умид МФЙлари ҳудудидаги қурилиш, ободонлаштириш ишларига туман ҳокимлигининг нуронийлар жамоатчилик назорати кенгаши аъзолари Абдимуталли Нажмиддинов, Тошпўлат Солиевлар бош-қош бўлиб туришибди.

-Бу ерда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маркази, ёшлар кворум маркази бунёд бўлади, -дейди Абдимуталли Нажмиддинов. -Шуҳратжон Бойхонов, Ботиржон Муродов, Акбарали Холмирзаев, Юнусхон Иброҳимов каби тадбиркорлар қурилиш ишларини жадал олиб боришмоқда. Биз бу ерда иш бошлаганимизда электр ва сувда муаммо бор экан. Тезда ечимини топдик, тадбиркорларнинг муаммоларини ўрнида бартараф этяпмиз. Бу қурилиш ишларининг жадаллашига туртки бўляпти.

Мустақиллик байрами яқинлашмоқда. Байрамолди тайёргарлик ишлари ҳам бошланган. Шукуҳли айёмни шодумонликда, кўркам ва файзли гўшаларда нишонлаш барчамизга насиб этсин.

Муҳаммад АЛИ.