ШАРТНОМАЛАР ИМЗОЛАНДИ

Ўзбекистон Республикасининг Қувайт давлатидаги элчихонаси ташаббуси билан туманимиз ҳудудида автомобилларга мотор мойи, мойлаш маҳсулотлари, техник суюқликлар, кимёвий ва маиший кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга ошириладиган бўлди. Мазкур лойиҳа 2020 йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг йиллик қуввати 20 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўзда тутади. 35 та ишчи ўрни яратилиши мўлжалланган. Хом ашё базаси маҳаллий ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидан  йиғилади. Маҳсулот Республиканинг ички ва қўшни давлатлари(Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон Республикалари)га экспорт қилинади.

Лойиҳа ташаббускори «MAX OIL» МЧЖ (раҳбари Акбаржон Деҳқонов) бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 13 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағи 11 миллион АҚШ доллари киритилиши режалаштирилган.

Ўтган ҳафта туманимизга хорижий ҳамкор «Petroleum Dynamics Oil & Gas» корхонаси директори Аҳмад ал-Отаиби ташриф буюрди. Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ва хорижлик меҳмон «MAX OIL» МЧЖда бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Айни шу ернинг ўзидан темир йўл ўтганлиги ва қатор қулайликлар инвесторда қизиқиш уйғотди. Танишувдан сўнг «MAX OIL» МЧЖ билан келишув шартномаси имзоланди.

Шу куни қишлоқ хўжалигининг чорвачилик комплекси бўйича 5 миллион долларлик ўзаро англашув меморандум, туманда экспортни йўлга қўйиш бўйича туман ҳокимлиги билан келишув шартномалари ҳам имзоланди.