ДУНЁ ТУРГУНЧА ТУРИНГ

Онангизнинг қадрига етинг,

Онаси бор қадрдонларим,

Тавоф қилинг, пойида ётинг,

Онаси бор қадрдонларим.

Зиёвиддин мактаб ўқувчилиги пайтидаёқ бу касбга қизиқиб қолганди. Синфи юқорилашгани сари ўз олдига қўйган мақсади мустаҳкамланиб, алангаланиб борган. Ўқитувчилари сўрашгандаям, ўртоқлари суҳбатидаям ниятини очиқ айтиб юрди. Лекин мақсадига эришишдаги икки нарса уни қийнарди. Бириси суюкли ота-жониси эрта ҳаётдан кўз юмиб, турмуш ўртоғисиз онасининг ҳовлида ёлғиз қолиши бўлса, иккинчиси на Наманганда, на Андижонда ва на Фарғонадаги олийгоҳларда у танлаган соҳа бўйича ўқиш йўқ. Тошкент давлат университетига бориш керак.

Мактаб тугади. Ҳужжатларни жамлаяпти-ю, бот-бот пешонасини ушлаб, хаёл суради, ўзига-ўзи гапиради: “Икки синглим бор. Лекин улар ёш. Онам менсиз ўзларини ёлғиз сезадилар, йиғлайдилар, ўзим-чи-ўзим? Йигит бўлиб қолган бўлсам ҳам…”

Мақсад сари интилиш ғолиб келди. Сафар тадориги кўрилди. Қариндошлар, қўшнилар кузатишди. “Улар онамга, сингилларимга қанча тасалли беришмасин, мени худди фронтга жўнатаётгандай ёшлари тинмайди, ялаб-юлқашади”, -дея хотирлайди Зиёвиддин.

Вокзал. Умумий вагон. Тиқилинч. Кўпи Зиёвиддин тенгқурлар. У манзилга етгунча мижжа қоқмади, гоҳ онажониси ўраб-чумкаб берган пулни қўйнидан олиб, жомадонга тиқади, гоҳ у ердан олиб, қуйнига жойлайди…

Поезд Зиёвиддинни олиб қочаётгандай шиддат билан олдинга интилади.

Зиёвиддин бундай тасодифни ҳеч кутмаганди: биринчи, иккинчи кунлари ётадиган жой аниқланди, университет биноси, қабул комиссияси жойлашган хоналар топилди.

Факультетлар ёзиб қўйилган тахтачалар ичидан «Журналистика»ни топди ва сафга турди. Тушлик яқинлашди. Белгиланган жойга оз қолганди, тасодиф содир бўлди: катта аудитория – «зал»нинг кирди-чиқди эшиги томон қараган Зиёвиддиннинг ҳайрат кўзлари қотиб қолди. Рўпарасида Инобатхон ая – онажониси оломон ичидан унга тикилиб турарди. Узоқ йиллар кўришмай учрашгандай бир-бирларига талпиндилар.

-Онажон, мен ёш нарса зўрға топдим бу ерни. Сиз қандай келдингиз, ақлим бовар қилмаяпти?

– Мендан бошқа ҳеч ким билмайдиган, сезмайдиган ҳидинг, нафасинг бор сенинг. Кўзимни боғлаб қўйишса ҳам ўнта, йўқ, юзта одам ичиданам топиб оламан.

Залда тушлик эълон қилинди.

-Болагинам, сен келганингдан буён жой солиб ётмадим, деворга суяниб мизғидим. Ичим ёниб, сув ичдим. Танамга мадор бўлсин, деб озгина қатиқ яладим. Ўғлимни топиб, бирга овқатланаман, деб ният қилувдим. Аллоҳим, ўзингга шукур, учраштирдинг. Бошла, бирга овқатланамиз.

Она-бола ҳам кулиб, ҳам йиғлаб тушлик қилишди.

Зиёвиддин ҳамон карахт, ҳеч нарсани тушунолмай турарди.

…Инобатхон аянинг ниятидан, ҳолатидан воқиф бўлган бегоналар йўл-йўлакай унга кўмак беришганди.

-Хўп десанг, кетайлик, болам. Пешонаси очиқ йигитсан, бошқа ерда ўқисанг ҳам кам бўлмайсан. Ўз уйим – ўлан тўшагим, дейилган…

Зиёвиддин онаси елкасини қучоқлаганича талай вақт сукут сақлади ва деди:

-Онагинам, ўйлаб кўрдим. Сиз менинг ҳам отам, ҳам онамсиз, болалик қилиб, ёшлик туфайли берган озорларим етар! Тавба қил-дим, кириб қолсам, Наманган институтида ўқирман. Эрталаб дуойингизни олиб чиқиб кетиб, кечқурун бирга овқатланамиз. Сиз рози бўлсангиз, бас! Кетдик, онажон.

Зиёвиддиннинг илми Наманган давлат педагогика институти имтиҳонлари синовидан ўтди. Ўша йилиёқ тил ва адабиёт факультети талабасига айланди. Яхши ўқиди, олим домлалар эътиборини тортди. Болаликдаги шеърга, шеъриятга қизиқиши такомиллашиб борди. Биз у билан Уйчи туман газетаси таҳририятида учрашдик. Оппоққина, бўйчангина йигит шеърларини олиб келган эди. Ёзганларида қизил чизиқ, ёниқ нуқталар бўлиб унда қобилият, машқ борлигини сезиб қолдик. Бу акаларим нима дейишаркин, деган йигитни рағбат-лантириш, шеърлардаги яхши жиҳатларини айтиб, руҳлантириш, иложи бўлса, биргаликда баъзи камчиликларини тўғрилашга ҳаракат қилинди. Нохуш муомаладан безиб қолса, ихлоси қайтиб, қайта келмаслиги мумкин. Уни маълум миқдорда руҳлантирдик, таҳририятдаги «Бадиий тўгарак»ка жалб қилинди. Натижада орадаги тортинчоқлик камайиб, ундаги фикрни тўла айтиш имконияти туғилди. Кўп ўтмай, ўзини таҳририятда бемалол сезадиган бўлди. Шеърлари бирин-кетин чиқа бошлади…

Назаримда, мактабда кўп ишламади. Раҳбарлик идораларига таклиф қилина бошланди. Райижроқўмда бўлим мудири, туман маданият бўлимида мудир, ҳокимиятда ҳоким ўринбосари, жамоа хўжалиги бошқаруви раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи, кейинчалик устози, хассос шоир Ҳабиб Саъдулланинг ўрнида мазкур бўлим етакчиси, Республика маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари каби лавозимларда ғайрат ва ташаббус билан ишлаб, обрў-эътибор топди. Шунинг учун халқ Зиёвиддин Мансуровни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати этиб сайлади.

Йиллар зое кетмади. У ўз устида мунтазам ишлаб, илмини ошириб, шеърий ижодни такомиллаштириб борди. Айни пайтда унинг ўндан зиёд шеърий китоби Наманган ва Тошкент нашриётларида чоп этилди. Хизмат ва ижод даврида Ўзбекистон халқ шоири Ҳабиб Саъдулла билан ҳамкорликда ишлаб чиниқди. Унинг назарига тушди. Зиёвиддин Тошкентдаги депутатлик даврида Ўзбекистоннинг қаҳрамон ёзувчи ва шоирлари Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари машҳур ижодкор адиблар билан яқиндан алоқада бўлди, ижодий уюшмалар, баҳсларда қатнашди. Айни пайтда у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳам бўлди.

Кейинги йилларда Зиёвиддин шеъриятнинг катта жанрларида ижод қилиб, жумладан, достон ва ривоятлар ҳам яратди.

Менинг қўлим остидаги табаррук, муҳим китоблар «Настольная книга» орасида «Онагинам, Онажонгинам» номли асар бор. Шоир Зиёвиддиннинг йирик достонидир. Унинг юраги, қалби бор, айниқса, онасидан жудо бўлган инсон шунчаки ўқий олмайди. Энг бағри тош одам ҳам юм-юм йиғлаб ва ёки дод солиб ўқийди… Борди-ю, ёшлик қилиб, онасини ранжитган бўлса ўзини-ўзи юзларига шапалоқ тортиб ўқийди. Ўрнидан сапчиб туриб кетиб, ёшларини артиб келиб, юзларини ювиб ўқийди. Ҳа, асло йиғламасдан, бўзламасдан ўқиб бўлмайди. Мен ҳам ўқишни қумсаб қоламан. Роса йиғлайман. Сўнг анча енгил тортаман.

Менимча, шоирнинг жами китоблари биру шу мўъжаз сиртида кўзларида меҳр тўла боқиб турган мунис онанинг суратлари акс этган бу китобча ҳам бир, лекин бу сиймо учун ҳар қандай мақтов камлик қилади. Мен волидамни соғиниб, китобни қўлга олишим биланоқ кўз ёшларим кела бошлайди.

Достондан юрак торларини чертадиган, бағрини тиғлайдиган сатрларни кўчириб олгандим, олдин беш банд эди. Ҳар гал ўқиганимда яна икки-уч банд кўчиришга тўғри келарди. Мана, ўша мени зор йиғлатадиган мисралар:

Кўп ўйлайман-

Хаёл сураман-

Хотиралар елаверади,

Кўз олдимга ўзимдай ўйчан

Онажоним келаверади.

***

Соғинч, деган аёвсиз туйғу

Хаёлларим айлар паришон.

Тушимда ҳам,

Ўнгимда ҳам шу:

Бўлаверар онам намоён.

***

Кўтаролмай тоғдай армонни,

Қанча озиб-

Тўздим, онажон!

Мўъжазгина ушбу достонни

Йиғлаб-йиғлаб ёздим, онажон!

***

Кўниколмай қазоларига,

Чидай олмай жафоларига,

Қўл силтадим дунёларига

Онажоним, Сиз ўтган кунлар.

***

Кўнгил зада, –

Дил ярим,

Қандай бу ғам илашди?

Наҳот энди йўлларим

Қабристонга туташди?!

***

Ер юзида Ҳотамтой танҳо,

Ўзбекистон деган жой танҳо,

Кўкда Қуёш билан Ой танҳо

Менинг онам танҳо эдилар.

***

Ҳидлаганингиз гулу

Райҳон бўлсин, Онажон!

Жаннат Сиз учун мангу

Ошён бўлсин, Онажон!

***

Олдин отамни олдинг –

Мен чун оламни олдинг,

Сўнг, оҳ! Онамни олдинг,

Ҳайҳот! Ўлим, қасдингдан.

***

Вой онам-ей,

Вой онам,

Соҳиби чирой онам,

Сизсиз менга не даркор

Бу кўҳна сарой, онам?!

***

Булбулларнинг саси бор эди

Онажоним аллаларида,

Қумрилар нафаси бор эди

Онажоним аллаларида.

***

Ўқиб-уқмай йиғлаб олардим,

Оҳангларин илғаб олардим,

Сеҳрига маст ухлаб қолардим

Онажоним аллаларида.

***

Элингга ҳамкор бўлгин,

Аллаё алла.

Эзгу ишларинг билан,

Аллаё алла,

Халқ ичра номдор бўлгин,

Аллаё алла!

***

Бу дунёда топдим мен дунё,

Онажоним, Сизни топмадим.

Не истасам топдиму, аммо

Меҳрибоним, Сизни топмадим.

***

Сиздай бўлиб эзгу ҳунарли,

Умрим ўтар, Зиё, ганж – зарли,

Лекин меҳри осмон қадарли

Бепоёним, Сизни топмадим…

***

Сизга созроқ қаролмаганим,

Кўпроқ аҳвол сўролмаганим,

Ҳажга олиб боролмаганим,

Армон бўлиб қолди, жон онам…

***

Болажоним топсин, деб ором,

Умр ўтган беором,

Тимсоли йўқ, тенгсиз уммоним –

Онажоним, жон онажоним.

***

Онангизнинг қадрига етинг,

Онаси бор қадрдонларим,

Тавоф қилинг,

Пойида ётинг,

Онаси бор қадрдонларим.

***

Гарчанд ҳаёт сирлари кўпдир,

Лекин менга аён битта сир:

Ишим юриб турибди, Зиё,

Бу – дуонгиз олганимдандир,

Онагинам, Онажонгинам!

Булар ҳам камлик қиляпти. Мамлакат раҳбарияти томонидан сара китоблар чоп эттириш ва китобхонлар даврасини кенгайтириш борасидаги қарорларни амалга ошириш бугунги куннинг долзарб ишидир. Шунга қарамай, «Онагинам, Онажонгинам» китобини кўп миқдорда чоп этиш зарур, деб ўйлайман. Чунки мен бу китобни кутубхоналарда, дўконларда ва ўқувчилар қўлида кўришни истардим. Нега десангиз, мазкур асар, айниқса, ёшларни тарбиялашда катта маънавий аҳамиятга эга. Муаллиф айтганидай ишининг яхши юришгани, ҳаётда омади чопаётгани, она дуосини олгани туфайли. Ҳа, аввали-ю охири Аллоҳ буюргани ва қолаверса, ота-она дуоси ижобатдир.

Мана бу ҳайратомуз тақдирга ҳайратланмай иложи йўқ. Зиёвиддин интилган касбига етолмагани армон эди. Лекин она ризоси учун бу хоҳишни алмаштирди. Бу фарзанди солиҳлик уни бошқача сийлади, яъни вилоятдаги барча матбуот ва ахборот нашрлари, телерадио ва нашриётлар ҳам вилоят бошқармаси етакчилигида фаолият кўрсатади, ана шундай бошқармага Зиёвиддин Мансуров раҳбарлик қилмоқда.

Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом табаррук ёшларига етган севимли, жўшқин шоир ва раҳбарнинг шу кунларда қарши олган туғилган куни билан табриклаймиз.

Сиз интилаётган қоялар жуда баланд ва ёрқин. Бу борада ҳам сизга омад ёр бўлсин. Илоё, дунё тургунча туринг!

Тожиддин ҒОЗИЕВ,

фахрий журналист.