ҲУШЁРЛИККА УНДАЙДИ
Туман ҳокимлигининг мажлислар залида мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами олдидан маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлди.
Унда МФЙ раислари, мутахассислар, расмий отинойилар иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Жамолиддин Низомов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман бош имом хатиби Исроилхон Қирғизбоевлар қатнашиб, Истиқлолдан сўнг юртимизда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар халқимиз манфаатлари, эл-юрт тинчлигига хизмат қилаётганини эътироф этдилар. Шунингдек, бугунги кунда диний экстремизм ва терроризм муаммоси кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги, ушбу жиноят ҳар бир инсоннинг олий қадрият сифатида эътироф этилган шаъни, қадр-қиммати ва шахсий дахлсизлигига хавф туғдираётганлигини таъкидлаб, унинг олдини олиш учун аҳолини, айниқса, ёшларни турли мафкуравий хуружлар, зарарли оқимларга нисбатан ҳушёр бўлишга чорлаш, ёш авлод онгида Ватанга муҳаббат, қонунларга ҳурмат руҳини шакллантириш энг долзарб вазифа эканлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

