«ЗУЛХУМОР»ДА ЯЙРАШАДИ

Тошлоқ маҳалласи ҳудудида «Зулхумор» номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини бошлади.

Моҳирахон Ҳожимирзаева кўп йиллар таълим соҳасида, хусусан, мактабгача таълим муассасаси раҳбари бўлиб фаолият кўрсатган, соҳада катта тажриба тўплаган соҳа фидойиларидан. Бир неча йилдирки, пенсияга чиқиб, кексалик гаштини сурмоқда. Айни вақтда мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган туб бурилиш ва ўзгаришлар Моҳирахон опага ҳам куч-ғайрат ва шижоат бағишлади. Турмуш ўртоғи Абдулло ака билан маслаҳатлашиб, хонадонларида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил қилишга киришди. Дастлаб апрель ойида битта гуруҳда 25 нафар бола билан иш бошланди. Талаб ва истаклар кўпайиб, август ойида яна битта гуруҳ очилди ва болалар сони 50 нафарга етказилди. Ҳозирда бу ерда 12 та ишчи ўрни яратилган. Инглиз ва рус тилларидан қўшимча машғулотлар ҳам ташкил қилинган.

-Масканда яратилган шарт-шароитлар давлат мактабгача таълим муассасаларидагидан асло қолишмайди, -дейди туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаева. -Ҳар бир бола учун зарур шарт-шароитлар бор. Айниқса, севимли эртак қаҳрамонлари ва миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган хиёбон, тарбиячилар қўл меҳнати билан ясалган кўргазмалар ҳар бир кишининг эътиборини тортади.

«Зулхумор»нинг очилишига бағишланган тантанали маросимда туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов, болалар шоираси Тўхтахон Раҳимова сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдиришди. Жажжи болажонлар концерт дастури намойиш қилдилар.

Умиджон СУЛТОНОВ.