ОДИЛ СУДЛОВ УЧУН МАЛАКАЛИ КАДРЛАР КЕРАК

Ўтган даврда мамлакатнинг суд-ҳуқуқ соҳасида чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш, судлар фаолиятида одил судловни амалга ошириш бўйича қонунийликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Судьялик  лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг амалдаги ўқув режалари ва дастурлари, шунингдек, бу борадаги ишларни ташкил этишга доир ёндашувлар ўқув жараёнининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқлигини лозим даражада таъминламаяпти ва замонавий талабларга жавоб бермаяпти.

Эскирган ўқув-услубий база ва илмий-тадқиқот фаолияти ҳамда ўқув жараёнининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқ эмаслиги тингловчиларда қарорлар қабул қилишда ижодий ёндашувсиз «қолипли фикрлаш»нинг шаклланишига олиб келмоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги «Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4096-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада  такомиллаштириш мақсадида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

-судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш;

-судьялик лавозимларига номзодларни назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш;

-судьялик лавозимларига номзодлар стажировка ўташининг сифат жиҳатдан янги тизимини ташкил этиш, шу жумладан, илмий-тадқиқот фаолияти ва ўқув жараёни билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

-иш юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига жорий этиш;

-судьялик лавозимларига номзодларни қонунчиликдаги долзарб янгиликлар, мамлакатимиз ва хориждаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда норма ижодкорлиги фаолияти ҳолати ва тенденциялари билан таништириш.

2019 йил 10 январдан бошлаб судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш бўйича бир қатор тартиб жорий этилди.

Шунингдек:

-судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланиши;

-судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган тингловчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Ўзбекистон  Республикасининг Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб бериши белгиланди.

Судьяларни дастлабки муддатга тайинлашнинг амалдаги тартиби 2019-2020 ўқув йили тугагунга  қадар сақлаб қолинди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-2903-сонли қарори ўз кучини йўқотди.

А.ҒАППОРОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.