УСТОЗ ДЕГАН ШАРАФНИ ОҚЛАНГ

Муҳтарам Юртбошимизнинг одилона раҳбарлиги, оқилона олиб бораётган ислоҳотлари натижасида халқ таълими тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда ўқитувчилик касби улуғланиб, муаллимларни ҳар қандай кераксиз юмушлардан, мажбурий меҳнатдан озод этилди. Уларга ўз устида ишлаш, изланиш, ижод қилиш учун қулай имкониятлар яратилмоқда. Шундай эътибордан илҳомланган ҳолда бошланғич синф ўқитувчиси сифатидаги 25 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, бугунги кун ўқитувчиси қандай бўлиши кераклиги юзасидан фикр-мулоҳаза юритмоқчиман.

Бугунги кун ўқитувчиси, энг аввало, ижодкор бўлиши лозим. Бунинг учун эса қуйидаги қирраларга эга бўлиши керак.

  1. Педагогик маҳорат

Барча инсонлар биринчи устозларини йиллар ўтиб, ширин хотира, ажиб бир энтикиш билан эсга оладилар. Чунки унинг меҳрга тўла нигоҳлари, самимий, ширин муомаласи бир умр хотирамизда муҳрланиб қолади.

Тўрт йил бир устознинг қўлида  таълим олиб, унга ўрганиб қолган ўқувчилар 5-синфга ўтгач, нима учун ўзгарадилар? Чунки энди улар турли фанлардан ҳар хил ўқитувчиларга дуч келадилар. Шу даврда юқори  синф ўқитувчилари бу ўқувчилардан озгина эътибор, меҳр, ширин сўзни аямасликларини илтимос қилардим. Ахир бир ниҳолни бошқа ерга кўчириб ўтқазсак, ниҳол у ерга мослашгунча, бир ўзгариб олади, барги сарғаяди, чиройли парвариш қилсаккина ўзини тутиб олади. Мен 5-синф ўқувчиларини ана шундай ниҳолларга ўхшатаман. Янги ўқитувчилар, янги муҳит ва янги усуллар уларни бироз довдиратади. Бунга кўникиш учун уларга бироз вақт керак бўлади. Ана шу пайтдаги нотўғри муносабат, қўпол муомала боланинг ўқишга бўлган қизиқишининг сусайишига олиб келади. Нафақат болалар, балки катта ёшдаги инсонлар ҳам меҳр ва эътиборни, ширин муомалани ёқтиради.

  1. Психологик билимларга эга бўлиш

Ўқитувчи (мутахассислигидан қатъи назар) психологик билимларни эгаллаган бўлиши керак. Шундагина у ҳар бир ўқувчига тўғри ёндаша олади. Турли хил темперамент, характер хусусиятга эга бўлган болаларга билим беришда бу жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Ўқитувчи ҳар бир ўқувчининг қобилияти ва қизиқишларига кўра ёндашсагина, ниҳол тўғри куртак ёзади.

  1. Ўз устида ишлаш

Ўқитувчи доимо ўз устида ишлаши, керакли билимларни ошириб бориши лозим. Бунинг учун эса оммавий ахборот воситаларини доимий кузатиб бориши, юртимизда ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлардан хабардор бўлиши керак. Ўқитувчи-мураббий, албатта, ўзи учун зарур нашрларга обуна бўлиши шарт, деб ўйлайман. Бу ўз устида ишлаш учун жуда муҳим. Кутубхонанинг фаол аъзоси бўлиши яна бир муҳим жиҳатдир.

Газета, китоб ўқимаган ўқитувчи қандай қилиб ўқувчиларга билим бера олади? Қайси фан ўқитувчиси бўлсин, китоб ўқиган ўқитувчи ўқувчиларни дарсига қизиқтира олади. Ўқувчилик давримда адабиёт муаллимамиз Зулхумор Каримова (ҳозирда 29-мактаб директори) менинг орзуимдаги қаҳрамоним эди. У киши сўзлаганларида гўёки сеҳрлангандек тинглардик.

Синфдаги тўполончи ўқувчилар ҳам устознинг дарсларида қизиқиб қатнашарди. Уларнинг ўзларини тутиши, ширин муомаласи, дарсликдан ташқари адабиётларга қизиқтириши бизни ром этарди. Шу боис бошланғич синф ўқитувчиси бўлсам-да, адабиётга, китобга ихлосим баланд.

  1. Компьютер технологияларидан фойдалана олиш

Бугунги глобал ахборот асрида ўқитувчи, албатта, компьютер технологияларидан фойдалана олиши керак. Биз истаймизми-йўқми, бола интернет тармоғидан турлича фойдаланади, ўзи учун янги дунё яратиб олади. Зеро, дунёнинг хавфсиз ва гўзал бўлиши учун, уларни тўғри йўналтириш, керакли сайтлар билан таништириб бориш лозим. Акс ҳолда бола ёвузлик қаърига ботади.

  1. Ота-оналар билан ҳамкорлик

Ўқитувчи доимий равишда ота-оналар билан ҳамкорликда иш олиб бориши, ҳар бир боланинг оилавий шароити ва муҳити таниш бўлиши лозим. Керак пайтда ана шу муҳитга ўз таъсирини ўтказа олиши керак.

Азиз ҳамкасбларим!

Янги ўқув йилида барчангизга куч-ғайрат, шижоат тилайман. Келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёш авлодни тарбиялашдек масъулиятли ва шарафли ишингизда ҳамиша зафарлар ёр бўлсин!

Муножат ЖУНАЕВА,

21-мактабнинг олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси.