ВАҚТИНЧАЛИК МЕҲНАТ ГУВОҲНОМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 март кунги «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида»ги ПҚ-4227-сонли қарорини ижро этиш юзасидан, шунингдек, ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига ўзини меҳнат даромади билан таъминлайдиган шахсларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 9 июлда 566-сонли қарор қабул қилинди.

Бу қарорга кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари, уларнинг эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилишини назарда тутадиган тартиб жорий қилинади.

Қарорда меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳисобланиши, вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилган санадан бошлаб ва улар амал қилишининг бутун даври пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун фуқароларнинг меҳнат стажига ҳисобланиши белгиланган.

Бундан ташқари, ушбу қарор билан тасдиқланган Низомда меҳнат гувоҳномасини бериш учун ариза фуқаро томонидан меҳнат органига шахсан тақдим этилиши, вакили орқали, буюртма хат билан ёхуд электрон шаклда меҳнат гувоҳномаларини олиш учун онлайн-майдонча орқали юборилиши мумкинлиги, меҳнат органи уч кун муддатда аризани кўриб чиқиши, меҳнат гувоҳномасини бериш тўғрисида ёки меҳнат гувоҳномаси беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши, ўзини-ўзи банд қилган фуқаро паспортининг рақами ва сериясини ҳамда СТИРни кўрсатган ҳолда белгиланган миқдорда тўлов тўлаши ва меҳнат органидан шахсан ўзи ёки вакили орқали вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олиши кўрсатилган.

Тижорат банклари томонидан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли микрокредитлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилади.

У.РЕЖАББАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси.