КУЮНЧАК РАИС
Тоҳиржон ака Холмирзаев Муборак маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб фаолият кўрсатаётганига ўн бир йилдан ошди. Жокуяр, ташкилотчи, ташаббусор, доимо эл ташвиши билан ёниб яшайдиган раис бор куч-ғайрати ва билимини сарфлаб ишлаб келяпти. Бундай дейишимизга бир қанча асосларимиз бор. У 2016 йили «Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони, 2018 йили туманда маҳалла фуқаролар йиғини раислари орасида биринчи бўлиб «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тиниб-тинчимас раис яна бир хайрли ишга қўл урди. Маҳалла ҳудудидаги «Гулистон» қабристонига бир неча йил бўлган бўлиб, алоҳидадан уч ерда жойлашган. Унинг атрофи тўлиқ қўрғон қилинмаган. Маҳалла фаолларидан Муродилла Маматалиев, туман ободонлаштириш бошқармасининг мазкур қабристондаги масъул ходими Зокиржон Қаюмовлар биргаликда ҳисоб-китоб қилиб чиқишди. 180 метр қўрғон олиниши, қўшимча хоналар зарурлиги асосий эътибордаги масала қилиб қўйилди. Бу ишга ҳомийлар жалб қилинди. Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, ҳашар ҳам уюштирилди. Ҳозирга келиб 140 метр қўрғон олинди, қўшимча хоналар қурилди. Бугун қабристонга келган киши ҳудудда олиб борилган ободонлаштириш ишларидан ҳам кўнгли тўлиб қайтади. Қаровсиз қабрлар қолмади ҳисоб. Энди ёритиш тармоқларини янгилашга ҳам навбат келиб қолди.
Ўтган ҳафта бўлиб ўтган хайрия ҳашарида ҳам Тоҳиржон ака бошчилигида маҳалла аҳли жонбозлик кўрсатди.
Бугун маҳалла ҳудудида аёллар гўзаллик салони, сартарошхона, мини футбол майдони, новвойхона, этикдўзлик, тикувчилик, акфа эшик ромлари ишлаб чиқариш цехлари аҳолига намунали хизмат кўрсатмоқда. Ўндан ортиқ фуқаро оилавий тадбиркорлик билан шуғулланяпти. Бу эзгу ишларнинг барчасида маҳалла оқсоқолининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

