ИНСОН МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институтини бекор қилиш
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни жадаллашиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Шулар қаторида 2017 йил 1 апрелдан Ўзбекистон Республикасида қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинганлигини мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин.
Бизга маълумки, илгари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 419-моддасига кўра, суд бешта ҳолатдан энг камида биттаси мавжуд бўлганда, жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун икки маротабагача қайтариши мумкин эди.
Хусусан, дастлабки тергов тўлиқ ўтказилмаган бўлиб, уни суд мажлисида тўлдириш мумкин бўлмаса, суриштирувчи ёки терговчи томонидан Жиноят-процессуал кодекси талаблари жиддий бузилган бўлса ва бу ишнинг тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилса, айбланувчи зиммасига илгари қўйилган айблов билан боғлиқ бошқа айбловни қўйиш учун ёхуд айбловнинг оғирроқ айблов билан ёки ҳақиқий аҳволга кўра айблов хулосасида назарда тутилганидан жиддий фарқ қиладиган айблов билан алмаштириш учун асослар мавжуд бўлса, шу иш юзасидан бошқа шахсларни айбланувчи тариқасида жалб қилишга асослар бўлса ва уларга тегишли материалларни ишдан ажратиш мумкин бўлмаса, иш нотўғри бирлаштирилган ёки ажратилган бўлса.
Амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда судья жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш жараёнида, суриштирув ёки дастлабки тергов жараёнида йўл қўйилган техник йўсиндаги камчиликлар, шу жумладан, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва арифметик хатолар аниқланса, ажрим чиқариб, уларни бартараф этиш учун ишни айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш тўғрисида ажрим чиқаради.
Илгари судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан олиб борилган бўлса, эндиликда ҳақиқатни аниқлаш мақсадида – айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бошқа шахсларга нисбатан ҳам олиб борилади.
Дастлабки терговнинг тўлиқ эмаслиги ёки жиноят-процессуал қонуни нормаларининг жиддий бузилишлари ҳам жиноят ишини кўриб чиқиш чоғида суд томонидан бартараф этилади.
Судланувчига нисбатан айбловнинг оғирроғи билан ёки ҳақиқий аҳволга кўра дастлабки айбловдан жиддий фарқ қиладиган айблов билан алмаштириш учун ёки бошқа шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асослар аниқланган тақдирда, суд дастлабки терговнинг тўлиқ эмаслигини ёки жиноят-процессуал қонуни нормаларининг жиддий бузилишларини Жиноят-процессуал кодексининг 416 ва 417-моддаларига мувофиқ бартараф этади.
Агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, суд янги айблов бўйича жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади.
Янги айблов дастлабки айблов билан узвий боғлиқ бўлган ва уларни алоҳида-алоҳида кўриш имконияти бўлмаган ҳолларда, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш тартиби давлат айбловини қўллаб-қувватловчи прокурорнинг ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг илтимосномасига кўра амалга оширилади.
Илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда, суд ажримда айбловни тўлдириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун қандай ҳолатларга аниқлик киритилиши лозимлигини кўрсатади ва унинг ижросини айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга ижро муддатини бир ойгача доирада кўрсатган ҳолда топширади.
Суднинг ажрими белгиланган муддатда ижро этилмаган ёки дастлабки айбловни ўзгартириш ёки тўлдириш учун далилларни аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, суд жиноят ишида мавжуд бўлган далиллар асосида суд муҳокамасини давом эттиради. Агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса ҳам, суд жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади.
Тахмин қилинаётган жиноят кўрилаётган иш билан узвий боғлиқ бўлган ва бу ишларни алоҳида-алоҳида кўриш имконияти бўлмаган ҳолларда, давлат айбловини қўллаб-қувватловчи прокурор ёки жабрланувчи, унинг вакили илтимосномасига кўра суд бошқа шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш юзасидан тегишли процессуал ҳаракатларни бир ойгача бўлган муддатда ўтказишни иш бўйича айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга топшириш ҳақида ажрим чиқаради.
Илгари эълон қилинган айблов бошқа шахс айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан ўзгартирилган тақдирда, суд ишни кўришни суд муҳокамасининг умумий шартлари бўйича қайта тиклайди. Бундай ҳолларда суд муҳокамасининг муддати ўзгартирилган ёки тўлдирилган айблов бўйича ишни судда кўриш қайта тикланган пайтдан эътиборан ҳисобланади.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

