МУДДАТИДАН АВВАЛ ОЗОД ЭТИЛДИ

Ровот шаҳарчаси туманимизнинг қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлган ҳудуди. К.Н. шу ерлик бўлгани боис айланма, ноқонуний йўлларни яхши биларди. У бир неча бор Қирғизистонга турли юмушлар билан ўтиб юрди. Аслида чегарани қонуний кесиб ўтганда ҳеч гап йўқ эди. Афсуски, унинг учун мана шу вариант беғалва, қулай туюлди. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан бу жиноят фош этилганда, К.Н. нинг бошига ҳақиқий ғалва ёғилди.

У қилмиши учун суд олдида жавоб берди. Қилмишига яраша ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилганди.

Яқинда К.Н.нинг иши жиноят  ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Унда туман ИИБнинг киритган тақдимномасига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига мувофиқ, К.Н.нинг ахлоқ тузатиш ишлари жазосини  ўтаб келаётгани, меҳнат интизомини бузмагани, яшаш ва иш жойидан ижобий тавсифланганини инобатга олиб, судланувчини жазонинг ўталмай қолган 7 ой 22 кунини ўташдан озод этиш ҳақида ажрим чиқарди.

Нуриддин  АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича туман судининг судья ёрдамчиси.