КИМ ЮТДИ, КИМ ЮТҚАЗДИ?!
Ҳаётда мард, лафзи ҳалол, бир сўзли бўлиб яшаш обрў-эътибор келтиради. Аввало, жамият қонунларига, диний кўрсатмаларга, одамийлик тамойилларига амал қилиб яшамоқ лозим. Билмасдан, тасодифан хато қилиб қўйган одам чин дилдан тавба қилиб, сўз берса, оқламоғи шарт. Шунда қайта хато қилмайди.
Иттифоқ МФЙда яшовчи С.Қ. шу йил февраль ойида ЖИБ туман судининг ҳукми билан бир йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, уч йил муддатга ойлик маошининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб бориш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.
С.Қ. жазо муддатини белгиланган хўжаликда қонунга итоат қилган ҳолда, ўзининг пушаймонлигини, интизомлилигини, жамоат ишларида фаоллигини намоён этганлиги учун унинг масаласи судда кўриб чиқилди. У жазонинг ўталмай қолган 1 йил 6 ой 22 кунидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Шунингдек, назорат остидаги Н.К. ҳам уч йил ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб бориш шарти билан ахлоқ тузатиш ишларини 2 йилу 4 ой 7 кун давомида талаблар даражасида бажарди. Шу муносабат билан у жазонинг ўталмай қолган 7 ой 24 кун жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Қонунга амал қилиш фойда келтирди.
Аммо ЖИБ туман судининг 2018 йил 26 июндаги ҳукмига кўра ЖК.нинг 177-моддаси 2-қисми билан 400 соатга мажбурий жамоат ишлари жазосидан бўйин товлаб, корхона билан тузилган шартномага амал қилишни истамаганлиги, тартибсизлик қилганлиги учун назорат остидаги шахс А.Ш.га жазонинг ўталмай қолган 2 ой 21 куни озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.
Ким ютди-ю, ким ютқазди?!
Бекзод БЕКМИРЗАЕВ,
туман ИИО пробация гуруҳи инспектори, лейтенант.

