«ОБОД ҚИШЛОҚ»ДАГИ МАКТАБ
11-мактаб туманимиздаги намунали илм масканларидан. Аъзамжон Мўйдинов раҳбарлигидаги мазкур мактаб педагогик жамоаси ҳар ўқув йилида яхши натижаларни қўлга киритади. Йилдан-йилга мактабнинг моддий техника базаси мустаҳкамланиб, ўқитувчи ва ўқувчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратилмоқда.
«Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида 1 млрд. 550 миллион сўм маблағ эвазига мактабга 210 ўринли қўшимча бино қуриб берилди. Шуҳратжон Қодиров бошчилигидаги «Стандарт» МЧЖ бунёдкорлари қурилиш ишларини сифатли амалга оширдилар.
Мустақиллик байрами бўсағасида ушбу объект мактаб жамоасига туҳфа этилди. Шу муносабат билан ташкил қилинган тантанада туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов қатнашиб, барчани байрам билан қутлади, жамоага янги ўқув йилида муваффақиятлар тилади. Қурувчиларга миннатдорчилик сифатида эсдалик совғалари топширилди.

