МАҲОРАТЛИ МУАЛЛИМА

Ҳақ йўлинда  ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Бу байтни қанча айтсам, яна айтгим, қанча ёзсам, яна ёзгим келаверади. Боиси, дунёдаги энг мукаррам зот – устоз-мураббий таърифланган барча ашъору ҳикматлар бир тараф, бу байт бир тараф.

Муаллимнинг кичик бир вужуддан чин инсон яратиш бобидаги меҳнат заҳматлари қанчалик бўлса, унинг шон-шарафи ҳам шу қадардир.

Мен ярим йилдан ошди, бирлашганлик Лазизбек исмли «жажжи шеърпараст»ни, «шоир болажон»ни шогирдликка олганман. Ёзганларини олиб келади, кўриб маслаҳат, йўналиш бериб тураман, шеърият асрорларидан хабардор этиб бораман. 3-синфда ўқийди. Бир куни ўқитувчиси Салимахон Мамадалиева ҳақида шеър ёзиб келди. «Ўқи», -десам, шундай завқ-шавқ билан ўқидики, кўзлари чақнаб кетди. Устози Лазизбек қалбининг тўридан ўрин олганлигини билиш қийин эмасди. Муаллима, унинг сабоқлари, ўқувчиларига муносабати ҳақида саволлар берсам, бийрон-бийрон жавоб берди.

Қизиқиб қолдим ва Салимахон билан суҳбатлашишга қарор қилдим.

Салимахон Бирлашганда туғилиб ўсган. Қаранг-ки, педагогик фаолияти ўзи ўқиган 7-мактабда Мустақиллигимиз эълон қилинган кунда бошланган экан. 28 йил бўлибдики, у бошланғич синф ўқитувчиси сифатида меҳнат қилмоқда. Қалам тутишни билмаган, ҳарф танимаган, хулқ-атвори тартибга тушмаган 30-35 нафар болакайни саводли қилиб, тарбиясини тизимга солиб, фанлар асосларини ўрганишга тайёр қилиш учун қанча билим, иқтидор, қобилият, сабр-бардош, матонат, тажриба керак бўлишини тасаввур қила олсангиз, Салимахон ва унинг касбдошлари қандай инсонлар эканлигини англаб етасиз. Муаллима айни чоғда иқтидорли ўқувчилар ўқиётган синфга таълим-тарбия бермоқда. Дарс машғулотлари самарадорлигини ошириш учун тинмай изланади, қўшимча адабиётлар, ёрдамчи манбалардан моҳирона фойдаланади. Инновацион педагогик технологияларни дарс жараёнига татбиқ этиш, ўқувчи-ёшларга  миллий қадриятларни сингдириш, миллий ғоя ва маънавият асослари билан таништириб бориш Салимахон фаолиятининг ўзагини ташкил этади.

Синф ўқувчилари ўртасида турли-туман билим мусобақалари, танловлар самараси ўлароқ ўқувчилари мактаб, маҳалла, туман, вилоят миқёсидаги  тадбирларда мактаблари шаънини улуғламоқдалар.

Иқтидорли ўқувчилари ҳақида сўраганимда, уларни номма-ном шундай санадики, қалбида меҳр, фахр, ғурур баралла барқ урарди.

Мазкур мақола тайёрланиши жараёнида Салимахоннинг иқтидорли ўқувчиси Лазизбек Неъматиллаев ЎзТВнинг «Болажон» каналида «Болажон алифбоси» кўрсатувида  иштирок этди. Муаллиманинг қувончини бир кўрсангиз эди.

Ҳа, азизлар, озод ва обод юртимизда ана шундай қалби осмон, меҳри уммон, порлоқ келажагимиз учун борини бахшида этаётган азизу мукаррам устозларимиз бор бўлсинлар. Уларнинг сафлари кенгаяверсин.

Ўринбой МЎМИНОВ.