Элмурод МАҲМУДОВ: РАҚОБАТ ИЗЛАНИШГА ЧОРЛАЙДИ
Туманимиз азалдан куй-қўшиқ шайдолари-ю, моҳир ижрочиларга, ҳофизу созандаларга бой замин. Бугунги кунда ҳам санъат осмонида порлаб келаётган уларнинг издошлари, ёш хонандалар кўплаб етишиб келмоқда. Улардан бири умидли хонанда «Ягонасан, муқаддас Ватан!», «Ниҳол» мукофоти танловларининг вилоят босқичи ғолиби Элмурод Маҳмудовдир. Ёш санъаткор билан мусиқа санъати хусусида суҳбатлашдик.
-Бизни жаҳонга танитган йўналиш бу мумтоз куй-қўшиқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир хонанда уни ўзлаштириши керакми ёки бусиз аслида ҳам санъатда ўз ўрнини топиб бўлмайдими?
-Дарҳақиқат, мумтоз мусиқани билмаган, ўрганмаган санъаткор муваффақиятга эришиши мушкул, деб ҳисоблайман. Ўзим ҳам шу йўналишдаги қўшиқларни зўр иштиёқ билан куйлайман. Аммо дилни бир нарса ранжитади. Мухлислар орасида мумтоз куй-қўшиқни тинглайдиганлар камайиб бормоқда. Айниқса, ёш тингловчилар орасида уларни топиш мушкул.
-Сизни санъаткорлар сулоласининг кейинги вакили сифатида танишади. Шулар ҳақида маълумот берсангиз.
-Сулолам ҳақида гап кетганда, аввало, бобом Маликжон ҳожи Шамсиддинов (Аллоҳ раҳматига олсин)ни эсга олган бўлардим. У киши бир неча мусиқа асбобини моҳирона чалган ва катта қўшиқларнинг уста ижрочиси бўлганлар. Шимолий Фарғона канали қурилишида Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева каби буюк санъаткорлар билан биргаликда кўплаб концертларда қатнашганларини кекса авлод вакиллари ҳали-ҳануз эслаб юришади. Қолаверса, тоғам Ривожиддин Шамсиддинов, амаким Муҳиддин Обиловнинг санъатга кириб келишимда улкан ҳиссалари бор. Отам Собитхон Обилов ҳаётим ва ижод йўлимдаги биринчи устозим. У киши ҳам хонанда сифатида бир неча йил ижод қилганлар. Ҳозир ҳам ўз мухлисларига эгалар.
-Санъатда ҳам рақобат бор. Бунга дуч келганмисиз?
-Албатта. Бироқ аввалдан айтишим жоиз, соғлом рақобат тарафдориман. Бусиз санъаткор изланишдан тўхтайди. Рақобат доимо ўз устида ишлашга ундовчи куч.
-Енгил-елпи қўшиқларга муносабатингиз?
-Бундай қўшиқлар тингловчи савиясини тушириш йўлида хизмат қилади. Санъаткор бундай йўл тутишга ҳаққи йўқ.
-Қандай асарларни ўқийсиз?
-Асосан шеърий китобларни. Навоий, Фузулий, Бобур, Огаҳий ижодларини ўрганганман. Аҳад Қаюм, Рислиғой Хотамова, Шарофиддин Болтабоев шеърларини севиб ўқийман.
-Қўшиқчилардан кимларни тинглайсиз?
-Шерали Жўраев, Камолиддин Раҳматов, Озода Нурсаидова, Озодбек Назарбеков, Оғабек Собиров энг севимли санъаткорларим.
-Қисқача ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз?
-Оилада уч ўғилнинг иккинчисиман. Ёшим 27 да. Турмуш ўртоғим Адибахон фармацевт. Ўзим ҳам 2011 йилда Наманган тиббиёт коллежини тамомлаганман. Мутахассислигим фармацевт.
-Орзуларингиз?
-Яқинда «Наво» телеканалида эфирга узатилган «Янги овоз» кўрсатувида қатнашиб, чорак финал йўлланмасига эга бўлдим. Шунга қизғин тайёрланяпман. «Икки томон» кўрсатувида иштирок этиш бўйича таклифлар бор. Бундан ташқари, кўпгина лойиҳалар бўйича режалар бор. Очиғини айтаман, бир тарафи маблағга бориб тақалмоқда.
Умуман, энг катта ниятим санъатда ўз ўрнимни топиш, яккахон концертимни тайёрлаш. Шунда мухлислар орасида олд қаторда ота-онам бўлишини орзу қиламан.
-Орзу-ниятларингиз ижобат бўлсин. Шу ўринда мухлисларингиз, газетхонларга тилакларингиз?
-Эл-юртимиз тинч-омон бўлсин. Халқимизнинг боши тўй-тантаналардан чиқмасин. Мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин.
Суҳбатдош: Абдулҳаким НИШОНОВ.

