«МАҲАЛЛАНИНГ БИР КУНИ»

Боғ маҳалласи ҳудудидаги «Шаршара» масканида тумани-мизда фаолият юритаётган барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, масъул котиблари ҳамда мутахассислар иштирокида «Маҳалланинг бир куни» байрам тадбири бўлиб ўтди.

Туманимиздаги мавжуд 56 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими фаолиятига назар солганда, олиб борилаётган кенг кўламли ишларни ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги фаоллигини кўришимиз мумкин.

Тадбирда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакили Шуҳратжон Мирзаев, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман ҳокимининг ўринбосарлари Раънохон Назарова, Мухторжон Бобожонов, туман ИИБ бошлиғи Ғайрат Ғаниев сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдиришди. Тизимда фидойилик кўрсатиб ишлаётган МФЙ раислари, масъул котиб, мутахассислардан бир гуруҳига туман ҳокимининг «Ташаккурномаси» ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

-Пахта йиғим-терими мавсуми яқинлашиб келяпти. Ўзингизга маълум, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотлар натижасида пахта теримига давлат ташкилотлари ходимлари, талабалар, ўқитувчи, шифокорлар жалб қилинишига тўла чек қўйилди, -дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси   Ғанишер Жўраев. -Энди пахтани меҳнатга ва қўшимча даромадга эҳтиёжи бўлган аҳоли қатламларини жалб этиш орқали териб оламиз. Бу жараёнда энг катта масъулият маҳалла раисларида бўлади. Ҳудудларда уюшмаган аҳолини пахта теримига жалб этиш, уларга етарли меҳнат шароитлари яратилганини терим жараёнида назорат қилиш маҳаллаларнинг зиммасида. Албатта, бу йилги мавсумда ҳам маҳаллалар фаоллик кўрсатадилар.

Дил сўзлари куй-қўшиқ ва рақсларга уланди. Эрта тонгдан бошланган байрам тадбири кечга қадар давом этди. Туман маданият бўлимининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари Комилжон Неъматов, Аҳмаджон Нурматов, Авазбек Насриддиновлар ижросидаги қўшиқлар қалбларга хушнудлик бағишлади.

Отабек МУРОДОВ,

ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгаши мутахассиси.