БЕШ ТАШАББУС ИМКОНИЯТЛАРИ

Юртбошимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурган бешта муҳим ташаббусини адлия органлари ва муассасалари фаолиятида амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигининг чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилди. Ҳар бир ташаббус доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилгани аҳамиятлидир.

Хусусан, эндиликда санъатга қизиқувчи ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратилади: мусиқа ва санъат мактабларида қўшимча синфлар, маданият марказларида турли хил ҳаваскорлик тўгараклари, театр жамоалари, болалар ансамблларини ташкил этиш орқали ёшларни санъат ва маданият соҳасига қизиқтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, янгидан қуриладиган ва реконструция қилинадиган, жорий таъмирга муҳтож ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати шакллантирилиши чекка ҳудудларда яшовчи, айниқса, қишлоқ ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Ташаббус доирасида ҳар бир туманда кейинги 2 йил ичида енгил конструкцияли, кичик спорт залларини барпо этиш, уларга ёшларни ва аҳолини кенг қамраб олиш, оммавий спорт тадбирлари миқёси-ни кенгайтириш кўзда тутилгани нафақат мамлакатимиз, балки туманимиз халқи учун ҳам қувончли воқеа бўлди.

Дастурга кўра, ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан турли хил оммабоп мавзудаги китобларни етказиб бериш кўзда тутилгани, салкам бир ойдан бери ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган «Китоб совға қил!» акциясида идора ва ташкилотлар раҳбарлари, депутатлардан тортиб оддий фуқароларгача иштирок этишаётгани бу ташаббуснинг нақадар катта аҳамиятга эгалигидан яққол далолатдир. Шунингдек, 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёллар учун янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус халқимиз, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, маънавиятини юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлибгина қолмай, мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётидаги долзарб вазифаларни адо этиш борасидаги аниқ ва пухта режалаштирилган қимматли ҳужжат ҳамдир.

Иҳволиддин СУЛТОНОВ,

туман адлия бўлими  катта маслаҳатчиси.