«ҚУМТЕПА»ДА ЗАМОНАВИЙ КОМПЛЕКС

8 сентябрь куни Қумтепа МФЙ ҳудудида тадбиркор Жаҳонгир Қаҳҳоров томонидан бунёд этилган умумий овқатланиш комплекси фойдаланишга топширилди.

Туманни 2019-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилган мазкур лойиҳа учун  2 млрд. 400 миллион сўм маблағ сарфланди. Ўн сотих жойни эгаллаган ушбу комплексда салкам қирқта хона мавжуд бўлиб, барчасида замонавий шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда миллий ва парҳез таомлар тайёрланади. Ҳозирда 13 киши доимий иш билан таъминланди.

Комплекснинг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов самимий тилаклар билдириб, бундай замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари сонининг кўпайиши халқимиз учун қулайлик яратиш билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Фахрийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар комплексда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Шу куни шодиёнага туман ИИБ бошлиғи Ғ.Ғаниев раҳбарлигидаги 3-сектор ҳудудида жойлашган «Жаҳон» фермер хўжалиги пахтакорлари ҳам таклиф этилиб, уларга эҳтиром кўрсатилди, мавсумни муваффақиятли якунлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.