СИРЛИ ОЛАМ

«Ҳар ким дунёга ўз дарчасидан қарайди». Дунёда шундай мўъжизалар борки, уларни тўғридан-тўғри кўз орқали, нигоҳлар орқали эмас, балки фақатгина тасаввуримиз ёрдамида идрок этишимиз, англашимиз мумкин.

Ана шундай тасаввури бетакрор мўъжизаларни ҳаётда жонлантира олиш санъатига эга бўлган китоблардан бугун юз чандон миннатдор бўлсак арзийди. Чиндан ҳам, китоблар дунёнинг жамики гўзалликларини ойна мисол бебаҳо кўрсата оладиган, ҳаётнинг ёзилмаган қонунларини билиб ўтмоқликка ёрдам берадиган, кишини ёруғлик, эзгулик сари чорлайдиган нурли йўлдир. Энг чиройли таъриф эса мана бундай: «Китоблар  тилсиз, забонсиз бўлган энг ёқимли суҳбатдошдирлар».

Ҳаргал китоб ўқишни бошлаганимда шу ҳолат такрорланади. Воқеалар ривожи кўз олдимдан худди кинотасмадек ўтади, қаҳрамонларнинг юз тузилиши, хатти-ҳаракати, гап-сўзларини ўз тасаввуримда «ясаб» кўраман. Табиийки, ёвуз, бадфеъл кимсаларнинг юзлари совуқ, ёқимсиз, аксинча хушфеъл кишиларнинг юзлари нурли, ёқимли тасвирланади. Ҳаётимда китоб ўқиётиб баъзан йиғлашим, баъзида хандон отиб кулишим, айрим саҳифаларни ўқиётганимда эса ҳаяжонланиш, қўрқув, нафратланиш…

Хуллас, минг бир ҳолатга кириб таъсирланиб ўқийман. Баъзан асардаги қаҳрамоннинг ўрнида бўлиб қолиб, унинг журъати етолмаган вазиятларни қатъият билан бошқаргим келади. Яна айрим ҳолатларда ўта кучли шахсиятга эга қаҳрамон билан ўзимни қиёслаб, ҳеч қачон унингдек кучли, забардаст бўлолмаслигимни ҳис қиламан.

Столда энг сўнгги русумдаги смартфон ва унинг ёнида бир китобни қўйиб, хоҳлаган биттасини танлаб олинг, деган таклиф билдирилса… Аниқки, жуда кўп миқдордаги танлов смартфонга бўлса керак. Ахир бугун у анчайин машҳур ва оммабоп, аммо ҳақиқат шундаки, китобларнинг қиймати йўқ, бебаҳо.

Гулҳаё ҲАБИБУЛЛАЕВА,

НамДУ талабаси.