ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШНИНГ МИЛЛИЙ ТИЗИМИ
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини рўёбга чиқариш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини сифат жиҳатидан янги даражага ўтказиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Бизнес юритишда ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш ва давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада ривожлантириш мақсадида 2019 йил 1 июндан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматлари марказларида (кейинги ўринларда — Марказлар) фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар, давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди.
Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг қуйидаги айрим турлари 2019 йил 1 апрелдан бошлаб бекор қилинди:
-экспорт контракти рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
-мол сўйишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаси;
-ер қаъри участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлиги ҳақида хулоса;
-вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома;
-қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қиладиган тадбиркорлик субъектларининг савдо объектлари жойлашуви;
-ерларнинг барча тоифаларида геологик-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа турдаги қидирув ишларини олиб боришга рухсатнома.
Жорий йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши тақиқланди.
Шерзод УММАТАЛИЕВ,
туман Давлат хизматлари маркази етакчиси мутахассиси.

