40 ЦЕНТНЕРЛИК МАРРА УЧУН
«Ғуломжон Эркинбой» фермер хўжалиги пахтакорлари жорий йилда 35,7 гектар майдонда ҳосил етиштирдилар. Жамоа лафзи ҳалоллари 130 тонналик «оқ олтин» хирмонини уйиш учун теримга пухта тайёргарлик билан келишди.
Мазкур фермер хўжалигида мавсум олдидан фахрийлар, фермерлар таклиф этилиб, йиғим-теримни уюшқоқликда ташкил қилиш бўйича кенгашиб олинди.
******
«Яккатут нурли замин» фермер хўжалиги (раҳбари Маъсуда Боймирзаева) миришкорлари 43 гектар майдонда «Андижон 35» навидан мўл-кўл ҳосил яратдилар.
-110 тонналик хирмонни қисқа фурсатда уйиш бизнинг эзгу мақсадимиз, -дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Ҳамидулло Боймирзаев. -Бунинг учун астойдил киришганмиз. Кунига юздан зиёд киши теримда қатнашяпти. Уларга барча шарт-шароитларни яратиб беряпмиз.
******
«Зарбол Навоий» СИУ ҳудудидаги «Барногул зиё файз» фермер хўжалиги раҳбари Раънохон Қориева илғор фермер, олим агроном. Салкам ўттиз йил қишлоқ хўжалигида суяги қотган. Жорий йилда 70 гектар майдонда «Жондор қудрати» навини парваришлади.
-Теримни йигирма иш кунида якунлашни ва 40 центнердан ҳосил олишни режалаштирганмиз, -дейди Раънохон Қориева. -Бу йилги мавсумни байрамона ва кўтаринки руҳда бошладик.
Фермер хўжалиги дала шийпонида жамоанинг фидойи ишчи-хизматчилари-ю аъзолари, қишлоқ хўжалиги фахрийлари, бир қатор жамоат ташкилотларининг вакиллари тўкин дастурхон атрофида жамулжам бўлдилар. Шодиёнада туман ҳокими М.Апақов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Т.Исматиллаев, сектор раҳбарлари иштирок этдилар. Фермер хўжалигининг илғор сувчиси ва механизатори Абдусаттор Нишоновга пенсияга чиқиши муносабати билан эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари рақсларга уланди.
******
Боғ МФЙдаги «Шаршара» масканида «Уйчи миришкор қаноти» ММТП ҳудудидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда меҳнат фахрийлари жамулжам бўлдилар.
-Пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида ҳудудимизда ўнта фермер хўжалиги мавжуд, -дейди кластер агрономи Камолиддин Аҳмедов. -426 гектар майдонда етиштирилган «оқ олтин»ни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш учун барча чораларни кўрамиз.
«Қашқалдоқ Беруний» ММТП ҳудудидаги фермерлар ҳам пахта мавсуми олдидан теримни байрамона руҳда ташкил этиш бўйича ўзаро фикрлашиб олдилар. Тўкин дастурхон атрофида фахрийлар алоҳида иззатда бўлишди.
-Жорий йилда ҳудуддаги 17 та фермер хўжалиги аъзолари 724 гектар майдондан 2580 тонна пахта йиғиштириб олишни режалаштиришган, -дейди кластер агрономи Бахтиёр Нишонов. -Ана шу эзгу мақсад йўлида теримни намунали ташкил этиш ҳаракатидамиз.
******
«Уйчи мирзо Улуғбек» ММТП ҳудудидаги «Отабой сулоласи Отабек» кўп тармоқли уруғчилик фермер хўжалиги фидойилари 29 гектар майдондан юз тоннадан ортиқ ҳосил олишни режалаштиришган.
-Пахтакорларимизнинг шижоати баланд, -дейди фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маъмура Турғунова. -Бугун пахтазорларимизга Нормирза Раҳматов бошчилигида бир гуруҳ фахрийлар келиб, дуои фотиҳалар қилишди, юзларимиз ёруғ, хирмонларимиз юксак бўлишини тилашди. Бу бизга янада куч-ғайрат бағишлади. Қисқа фурсатларда теримни якунлаш учун барча чора-тадбирларни кўрганмиз. Илғорларни рағбатлантириш учун совғаларимиз ва пул мукофотларимиз ҳам тайёр. Юрагида ўти, билагида кучи бор олиҳиммат ҳашарчилар учун барча шарт-шароитларни яратиб берамиз.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

