ШИРИНТОЙЛАР АЙЁМИ

Кеча Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни туманимизда кенг нишонланди

Байрам муносабати билан 1-давлат махсус мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган тадбир бу ерда тарбияланаётган 90 нафар кичкинтойга олам-олам завқ-шавқ улашди.

Уйчи қишлоғидаги «Мустақиллик» боғида уюштирилган тадбирда иқтидорли болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлар, якка тартибда таълим олаётган ўқувчилардан 120 нафари таклиф этилиб, байрам дастури намойиш қилинди.

Ҳар икки тадбирда туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев сўзга чиқиб, келажагимиз эгалари бўлган болажонларни байрам билан қутлади. Шодиёнада тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, туман халқ таълими МФМТТЭ бўлими раҳбарлари ҳам қатнашиб, кичкинтойларга байрам совғалари – китоб, ширинликлар, музқаймоқ, ўйинчоқларни топширдилар.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги тўгарак аъзолари ва санъатсевар ёшлар томонидан тақдим қилинган концерт дастури ҳаммага хуш кайфият бағишлади.