КАСБИ ФИРИБГАРЛИК БЎЛДИ

Қай инсонда инсоф, диёнат, шарм, ҳаё бўлса, жиноят, гуноҳ ишлар билан шуғулланишдан ор қилади, уялади. Бу инсоний фазилатлар кимда етишмаса, жирканч ишлардан тап тортмайди, ҳатто қайта-қайта қўл ураверади.

Наманган шаҳар «Мустақилликнинг беш йиллиги» маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Д. юртимизда яратилган қулай имкониятлардан фойдаланиб, ҳалол ишлаб, ҳалол яшаш ўрнига фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкига кўз тикди. 2001 йилда судланган бўлса-да, тегишли хулоса чиқармай, яна жиноят содир этди. У 2016 йил апрель ойида жиноий  шериги С.А. билан тил бириктириб, поплик Р.Б.нинг ишончига кириб, унинг «Нексия» русумли автомашинасини 4600 АҚШ долларига сотиб олишга келишиб, 1500 долларини бериб, қолганини 2 ойда узиш шарти билан автомашинани қўлга киритади. Ш.Д. жиноий фаолиятини давом эттириб, фуқаро А.Х.ни жиноий шерик қилади ва «Нексия»ни ўзига тегишлилигини айтиб, фирибгарлик йўли билан сотиб юборади. У шу тариқа Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б», «в» бандларида  кўрсатилган жиноятни содир этди.

«Қаҳрамонимиз» фирибгарлик касби орқали нима эккан бўлса, шуни ўради.

Комилжон УБАЙДУЛЛАЕВ,

туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси, майор.