СЎРАГАН ЭДИНГИЗ

Саволларга Уйчи туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи, майор Элёр ТУРДИЕВ жавоб беради.

Савол: -Эски турдаги нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддати қачонгача?

Жавоб: -Эски турдаги нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддати 2019 йил 31 декабрь кунига қадар, деб белгиланган.

Савол: -МДҲ давлатларига чиқиш учун хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш шартми?

Жавоб: -Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2021 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар ҳудудига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда ҳам Ўзбекистон Республикасидан чиқиши мумкин.

Савол: -Хорижга чиқиш паспортига қандай қайдлар киритилади?

Жавоб: -Хорижга чиқиш биометрик паспортига қуйидаги қайдлар киритилади:

-паспорт эгасининг хорижда доимий яшаш учун рўйхатдан ўчирилганлиги тўғрисида;

-хорижда доимий яшаётган фуқаронинг вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида;

-давлат чегарасидан ўтганлиги тўғрисида;

-консуллик рўйхатига олинганлиги ёки консуллик рўйхатидан чиқарилганлиги тўғрисида;

-ниқоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида;

-хорижий давлатларга кириш учун рухсатнома (виза) тўғрисида;

-ҳамроҳлик қилувчи шахслар тўғрисида (вояга етмаган фуқаролар учун);

-илгари қўйилган қайдлар бекор қилинганлиги тўғрисида.

Яна шуни айтиб ўтиш керакки, хорижга чиқиш паспортига доимий рўйхат штампи қўйилмайди.