ВАҚТИНЧАЛИК МЕҲНАТ ГУВОҲНОМАСИ КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлда «Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида»ги 566-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари, уларнинг эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилишини назарда тутадиган тартиб жорий қилинди.

Қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланувчи фуқаролар меҳнат гувоҳномаларини олиб, ўзлари учун меҳнат стажига эга бўлишлари мумкин:

-уйда репетиторлик қилиш – болалар ва катталар билан таълим фанлари бўйича якка тартибда ва гуруҳ бўлиб машғулотлар ўтказиш;

-болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар;

-беморлар ва ўзгалар парваришига муҳтож кекса шахсларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар;

-уй хўжалигини юритиш ва уй ишларини бажариш, шу жумладан, турар жойларни тозалаш, овқат пишириш бўйича уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш;

-хизмат биноларини тозалаш, юридик шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

-уйда мебелларни таъмирлаш ва йиғиш;

-мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, таъмирлаш-қурилиш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари);

-сантехника ускунасини майда таъмирлаш ва ўрнатиш;

-квартира ичида (шахсий қурилиш ишларида – уй ичида) электр монтаж ишлари (электр хавфсизлиги бўйича рухсат бўлганда);

-деҳқон ва фуқароларнинг томорқа участкаларида ер чопиш ва рекультивация ишлари;

-фермер хўжаликлари эгалари буюртмаси бўйича қишлоқ хўжалиги ишлари (қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ва ҳайвонларга қараб туриш, қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлари);

-қишлоқ хўжалиги ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиб олишда деҳқон ва томорқа участкалари эгаларига ёрдам бериш;

-чорва молларини ўтлатиш, уларга қараб туриш;

-компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, сайтларни, компьютер дизайнини ишлаб чиқиш, тизим маъмури хизматлари;

-буюртмачининг уйида бажариладиган маиший техникани таъмирлаш;

-автомобилларни майда таъмирлаш;

-автомобиль ювиш, автомобиллар кузовларини силлиқлаш;

-механизация воситаларини қўлламай бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари;

-макулатура, пластик идиш, темир-терсак ва қўшимча хом ашё тўплаш;

-халқ табобати (лицензияси бўлганда);

Меҳнат гувоҳномаларини олиш учун қуйидаги тартибда тўловлар амалга оширилса, меҳнат стажи ёзилади:

-1 ойга 0,5 (111500 сўм);                 -9 ойга 3,7 (825100 сўм);

-3 ойга 1,4 (312200 сўм);                 -12 ойга 4,5 (1003500 сўм).

-6 ойга 2,6 (579800 сўм);

Юқоридаги фаолият билан шуғулланаётган фуқаролар марказимизга ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Қўшимча маълумот учун тел.: 69-48-21-979.

Мансурбек ИМОМОВ,

туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори.