«АЁЛЛАР ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ – ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИК ПОЙДЕВОРИ»
Бирлашган маданият марказида ўтказилган форум Ўзбекистон ХДП МК ташаббуси билан партия сайловолди дастури лойиҳасида хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласида белгиланган вазифалар муҳокамасига бағишланди. Ундан кўзланган мақсад партия Устави, сайловолди дастури ҳамда Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда партия сафидаги хотин-қизлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизларни аниқлаш, уларни партия тизимига жалб этишдан иборатдир.
Форумни ўтказиш жараёни туман хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний», «Маҳалла» жамоат фонди, туман адлия, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлимлари, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида аёлларнинг ўзаро мулоқот марказига айланди.
Тадбир давомида туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари томонидан аёллар тиббий кўриги ташкил этилди. Тиббий кўрик давомида 400 нафардан ортиқ аҳолининг кам таъминланган қатлами, пенсионерлар, ногиронлар, ишсиз аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам кенг қамраб олинди. Хотин-қизларни иш билан таъминлашга доир масалалар бўйича туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутахассислари томонидан тегишли йўл-йўриқлар берилди.
Тадбир сўнггида бир гуруҳ фаол ташкилотчилар, иштирокчилар Ўзбекистон ХДП вилоят, туман кенгашлар, Ўзбекистон «Jeet kune do» федерациясининг вилоят бўлимининг ташаккурномалари, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шу куни Деҳқонобод МФЙда яшовчи Нуриддиновлар хонадонига ташриф буюрилиб, ногиронлар араваси топширилди.
Акрамжон АБДУҒАППАРОВ,
Ўзбекистон ХДП туман кенгаши раиси.

