ОИЛА БАРБОД БЎЛГАЧ…
Маълумки, оила инсонлар, авлодлар яшайдиган бирламчи маскан, муқаддас даргоҳ. Одамлар оилада яшаб, ўзлари ва жамият учун меҳнат қиладилар, фарзандлар тарбиялайдилар. Оила дунё ҳаётидаги асосий бошпанадир. У қанчалик мустаҳкам бўлса, унда яшовчилар умри мазмунли ўтади. Агар акси бўлса, унда ҳаловат ҳам, тотувлик ҳам, қут-барака ҳам бўлмайди. Оила барбод бўлса-чи? Унда эр-хотин бир-бирига бегона, болалар саргардон бўлади. Айрим одамлар негадир шошмашошарлик билан, ўйламай, тўй қиладилар, оилани бўш асосга қурадилар ва бу оила узоққа бормайди.
Беруний МФЙ фуқароси У.Т. ҳам ана шундай оила бошлиғи бўлиб чиқди. Икки нафар фарзанд бўла туриб, ажралишди. Суд қарори билан вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун жами даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланди. У.Т. 2014 йил сентябрдан 2019 йил 1 февралга қадар 16.270.255 сўм қарздор бўлгани ҳолда уни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келди. Ҳуқуқбузар У.Т. юқоридаги ғайриқонуний ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 474-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. Шунга кўра унга 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди ва энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида қамоқ-пул харажати ундирилди.
Ҳа, оила барбод бўлгач, нохушликлар кетма-кет келаверади.
Б.КАСИМОВ,
туман маъмурий суди раиси.

