ҚАТРАЛАР

Эрталабдан хонадонда боланинг ғашлиги бошланди.

-Нега хархаша қиляпти, -сўради ота.

-Ўқитувчисига байрам совғаси олиб бориш керак экан, -жавоб берди она. -Шуни эртароқ айтмай, ҳозир икки оёқни бир этикка тиқиб турибди.

Фарзанд истагини бажариш учун ота дўконга қараб кетди, она бисотини титкилашга тушди.

Қўлида ихчамгина совғани тутганча, бола мактаб томон шошди. Қанча юрмасин, мактаби шу куни ўта узоқда жойлашгандай туюлаверди, қадами кўпаймади. Ниҳоят, дарвозадан кириб кетаётган ўқувчилар галасига қўшилди. Биринчи ўқитувчисини ҳаммадан илгари табриклашга шошди. Гарчанд биринчи бўлолмаса-да, устози юзидаги қувончдан яйраб кетди. Қалби алланечук хотиржамликни, енгилликни туйди…

Йиллар ўтди. Бола улғайди. Эътибордаги шахс бўлиб етишди. Энди бирор нарса олиш, харид қилиш учун ота-онага хархаша қилишнинг эҳтиёжи қолмаганди. У керак бўлса, машина сотиб олишга, янги уй харид қилишга қодир. Бироқ, унга бир нарса етишмасди энди. Ҳар йили нишонланадиган ўқитувчи ва мураббийлар кунида биттагина гулдаста сотиб олиш ва мактабга бориб, устозини табриклаш учун вақти йўқ эди.

** ** **

У умрида иккита оиланинг барпо бўлишига улуш қўшганди. Яъни, бўлғуси қудаларни бир-бирларига таништирган, ёшларни учраштирган, тўйда ўртада турганди.

Орадан анча фурсат ўтди. Биринчи оила бузилди, эр-хотин ажрашиб кетди. Уни кўча-кўйда учратиб қолишса: «Менинг бахтсизлигимга сен сабабчисан», -дегандек ёвқараш қилишарди, ғудраниб, юз буриб кетишарди.

-Ҳар ҳолда, сўкиб-қарғанишсаям, мени танишади-ку, -таскин берарди у ўзига.

Иккинчи оила бахтли яшади. Бироқ уни мутлақо бегона кишидай, унутиб юборишганди. Яхши кунлари, тўй-ҳашамларида уни чақиришмасди. Ногаҳон йўлда рўпара келиб қолгандаям, туртиниб ўтиб кетишарди-ю, салом беришга ҳам эринишарди.

-Ҳар ҳолда, мени унутворган бўлишсаям, бахтли яшашяпти-ку, шунисига шукр, -таскин берарди у ўзига.

Абдул ҲАКИМ.